Ягона Божхона иттифоқи фаолияти бошланди

6 июлдан бошлаб Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона Божхона иттифоқи ўз фаолиятини бошлаган.

Эндиликда Россия-Қозоғистон ва Росссия-Беларус чегараларидаги божхона фаолияти соддалаштирилади, 2011 йилдан бошлаб ушбу давлатлараро божхона постлари бекор этилади.

Айни вақтда кузатувчиларга кўра, божхона иттифоқи фаолияти бошланганига қарамасдан, Москва, Минск ва Остона ораларидаги келишмовчиликлар тўла бартараф этилмаган.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида кучга кирган ягона божхона қоидалари, иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларни эркин олиб ўтилиши ва савдо-сотиқни янада ривожлантиришга қаратилгани айтилади.

Экспертлар ҳисоб-китоби бўйича янги тузилма аъзо мамлакатлар учун бир неча миллиард долларлик фойда келтириши мумкин.

Сиёсатчилар божхона иттифоқи келажакда Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудида Оврўпо Иттифоқига ўхшаш тузилма бўлишига ишора этишади.

Москвадаги Карнеги марказининг эксперти Николай Петровнинг фикрича, божхона иттифоқи поссовет ҳудудида бошланган энг жиддий иқтисодий бирлашма саналади.

"Албатта, божхона иттифоқи асосида йирик сиёсий мақсад туради. Лекин шу қаторда жиддий иқтисодий ўлчовдан ҳам холи эмас. Ушбу иттифоқ постсовет ҳудудидаги жиддий интеграцион жараённинг бошланишидир. Бундай бирлашув аъзо давлатларнинг келажак ривожланиши учун жуда муҳим жараёндир", дейди Николай Петров.

Айни вақтда божхона иттифоқининг тўла фаолият бошлаши охирги кунларга қадар ноаниқ қолганди.

Иттифоқ аъзоларидан бири Беларус нефть маҳсулотларига божнинг бекор қилинмаганлиги оқибатида ушбу тузилмага қўшилмаслиги мумкинлигини билдирди.

Беларус томони фикрича, иттифоқ ишга тушгач, давлатлар орасидаги нефть борасида ҳам бож тўловлари паст бўлиши керак.

Ўз навбатида асосан нефть экспорти билан шуғулланадиган Россия ва Қозоғистон, Беларус талабига бўйсунмаслигини билдиришди.

Нефть экспорти масаласидаги можарога қарамасдан, расмий Минск, божхона иттифоқига қўшилишга қарор қилди.

Москвадаги МДҲ институти эксперти Андрей Грозиннинг фикрича, Беларус иштирокисиз божхона иттифоқини тузиш жуда мушкул кечишини Кремль англаган ва охирги кунга қадар Остона билан биргаликда Минскни кўндиришга уринган.

"Божхона иттифоқи Россия учун яқин келажакда ўз атрофида иқтисодий ҳуддудни барпо этиш йўлидаги биринчи зинапоя ёки андаза ҳисобланади. Беларуссиз бундай ҳудудни барпо этиш маъносиз бўлишини Москва яхши билади. Президент Александр Лукашенконинг талабларида жон бор. Расмий Минск фикрича, божхона иттифоқини тузишда Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Беларус манфаатлари унчалик назарга олинмаган", дейди Андрей Грозин.

Айни вақтда Минск талабларидан бири, яъни жисмоний шахслар томонидан хориждан келтирилаётган автомобилларга бўлган пасайтирилган солиқни вақтинча ўзгартирмасликка қарор қилинган.

Худди шундай имтиёз Қозоғистонга ҳам берилади.

Божхона иттифоқидан келадиган фойданинг 90 фоизидан ортиғи Россияга, қолган қисми эса Қозоғистон ва Белорус ҳисобига тақсимланади.

Кузатувчилар фикрларича, ушбу рақамлар реал ҳисоб-китобларга асосланган.

Божхона иттифоқига доир сўнгги ҳужжатлар Остонада, мамлакатлар раҳбарлари иштирокида имзоланди.

Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг ҳам саммити ўтган Остонадаги мулоқотлар якунида ҳамдустлик мамлакатларидан, ҳозирча Тожикистон ва Қирғизистон ҳам Божхона иттифоқига аъзо бўлиш истагини билдиришган.