Россияда муҳожир тожик болаларига тақиқ бекор қилинди

Меҳнат муҳожирлари
Image caption Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг болалари яна бемалол Россияга киришлари мумкин бўлади

Россия ҳукумати мамлакатга тожикистонлик болаларнинг киришига қўйилган тақиқни расман бекор қилган.

Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишченко ўз имзоси билан ёзилган хатда Тожикистонда полиомиелит билан боғлиқ авҳол барқарорлашганлигини маълум қилган.

Тожикистонлик расмийлар мамлакатда да сӯнгги 4 ҳафта ичида бирорта ҳам полиомиелит хасталиги қайд этилмаганлигини айтишган.

Жаноб Онишченко имзолаган хатда, "Тожикистонда 3 миллиондан ортиқ киши полиомиелитга қарши эмланганлиги" урғуланади.

"12 июндан бошлаб Тожикистонда полиомиелит касаллиги қайд этилмаган ва юқоридагилардан келиб чиқиб, Россия ҳудудига 6 ёшгача бӯлган Тожикистон фуқароларининг киришларига қўйилган тақиқ бекор қилинади," деб ёзилади хатда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ӯринбосари Аъзамжон Мирзоев ушбу хатнинг нусхаси Тожикистонга аввалроқ етиб келганлигини айтади.

"Бу ҳақиқатан ҳам биз учун яхши хабар. Чунки биз ҳар гал профилактик эмлашнинг ҳар бир босқичидан сӯнг ахборот алмашиш мақсадида Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назоратига хабар бериб бордик. 4-босқични тугатганимиздан сӯнг эса, касаллик билан боғлиқ аҳвол барқарорлашганлигини ҳам маълум қилдик. Шундан сӯнг Россия ҳукумати тӯғри, рисоладагидек қарорга келди," дейди Аъзамжон Мирзоев.

Тожик расмийларига кӯра, феврал ойининг охирларидан бошлаб полиомиелит, яъни ӯткир фалаж касаллигига гумон қилинган 600 дан ортиқ киши шифохоналарга ётқизилган.

Уларнинг 300 дан ортиғида ушбу касаллик тасдиқланган.

Касалликни бошидан кечирган болалар ва катталарнинг қанчаси умрбод фалаж бўлиб қолганлигига оид рақамлар ҳозирча маълум эмас, деб айтган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Полиомиелит ташхиси тасдиқланган беморларнинг 5 нафари оламдан ўтган.

1 майдан бошлаб то 6 ёшгача бўлган тожикистонлик болаларнинг Россияга киришлари тақиқлангандан сўнг меҳнат муҳожирлигига оилавий жӯнайдиган кишиларнинг аксарияти сафарларини қолдириб турганлиги маълум. Улар кӯрган иқтисодий зарар эса, табиийки, ҳеч қаерда жамланмаган.

Тожикистонда полиомиелитнинг кенг тарқалгани сабаб Ӯзбекистон 7 майдан 21 июнгача чегарадан ӯтиб-қайтишларда қатъий чеклов жорий қилган.