АҚШ элчихонаси: барча Қирғизистон фуқароларига адолатли муомала таъминлансин

Наримон қишлоғидаги рейд
Image caption Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг инсонлар ўлимига олиб келган "махсус амалиётлар" инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидига учради

Америка Қўшма Штатларининг Қирғизистондаги элчихонаси этник келиб чиқишидан қатъи назар, барча Қирғизистон фуқароларига адолатли муомалани таъминлашни сўраган.

АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси баёнот эълон қилган.

"АҚШ элчихонаси июн ойидаги зўравонликлар авж олиб кетганидан кейинги воқеалар ривожланишини, шу жумладан, жамоат раҳбарлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва вазиятни ёритаётган журналистларнинг фаолиятини кузатишда давом этмоқда", дейилади дипломатик миссия баёнотида.

"Бишкекдаги АҚШ элчихонаси Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги тартибсизликлар юзасидан халқаро экспертлар иштирокида объектив ва синчков тергов ўтказишга чақиради".

"Шунингдек, АҚШ элчихонаси Қирғиз республикаси ҳукуматини этник келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларга нисбатан адолатли муносабатни таъминлашга ва ярашув жараёнини қўллаб-қувватлашга чақиради", дейилади Америка элчилиги баёнотида.

Куни кеча Қирғизистон Соғликни сақлаш вазирлиги қонли ҳодисалар туфайли ҳалок бўлганлар сони 309 га етганини хабар қилди.

Бироқ расмийлар ҳаётдан кўз юмганлар сони расман эълон қилинганидан ўн баравар кўп бўлиши мумкинлигини билдирганлар.

Ваҳший қотилликлар, ўт ёқиш ва жинсий зўрлашлар юз минг атрофида ўзбекларни қўшни Ўзбекистондан паноҳ топишга мажбур этган эди.

27 июнга мўлжалланган умумхалқ референдуми арафасида ўзбек қочқинларининг деярли барчаси ортга қайтдилар.

Қочқинлар ўзларининг турар-жойларига қайтганларидан кейин калтакланганлари ва ҳибсга олинганларидан шикоят қилдилар.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг қонли ҳодисалар ташкилотчиларини ва ўша ҳодисаларда фойдаланилган қурол-яроғ қидириш важи билан ўтказаётган "махсус амалиётлари" аксар ўзбеклар истиқомат қиладиган ҳудудларда бўлиб ўтди, инсонлар ўлимига олиб келган бу амалиётлар инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидига учради.

АҚШ Давлат котибининг Қочқинлар ва Муҳожирлар бўйича ўринбосари Эрик Шварц Қирғизистон жанубидаги вазиятни ўрганди.

Жаноб Шварц, Қирғизистондаги ўзбек жамоасининг ҳаёти учун муҳим қарорларни қабул қилишда ўзбекларга салмоқли рол берилиши керак, деб айтди.

Бу мавзуда батафсилроқ