Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ таъминотини қисқартирган

Газ
Image caption Газ таъминотидаги қисқартиришларга тожик томони қарзининг ошиб кетгани сабаб бўлган.

Ўзбекистон Тожикистонга узатаётган табиий газини 35 фоизга камайтирган.

Бунга ўзбек табиий гази учун Тожикистон томони қарзининг ошиб кетганлиги сабаб бўлгани айтилади.

Тожик-Газ мулозимларига кўра, Тожикистоннинг Ўзбекистон олдидаги газ тўловидан қарзи 1 миллион АҚШ долларидан ортиб кетган.

Уларга кўра, бунча суммадаги маблағ тожикистонлик истеъмолчиларнинг ўз қарзларини тўлай олмаётганликлари натижасида йиғилиб қолган.

Тожикистон мулозимларига кўра, газ тақчиллигидан сўнгги икки йилда фақат ишлаб чиқариш корхоналари газ билан таъминланган. Ва шу боис асосий қарздорлар ҳам айнан ўша корхоналар ҳисобига тўғри келади.

"Қарзимиз бундан ҳам ошиб кетса, Ўзбекистон тўлалигича газ бермасликка ҳам ҳақли, чунки шартномада газ учун ҳақнинг олдиндан тўланиши кўзда тутилган. Лекин биз ўзбек томони билан келишиб, иш тутаяпмиз," дейди Тожик-Газ ширкатининг юқори мартабали мулозими Шавкат Шойимов.

Бугун Тожикистонда аҳоли табиий газ билан умуман таъминланмайди.

Расмийларга кўра, умумий қарздорлик сабаб, газ таъминотидаги узилишлар бунга имкон бермайди.

Маълум бўлишича, 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистондан харид қилинадиган газ нархи 10 АҚШ долларига ошган ва минг кубометрига 250 АҚШ доллари қилиб белгиланган.

Бунинг сабабини изоҳларкан, тожикистонлик масъуллар Ўзбекистон ўз газининг қийматини Жаҳон бозоридаги нархлар асосида белгилаб боришини айтишади.

Тожик томони Ўзбекистон билан ўтган йили 500 миллион кубометр газ сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолаган эса-да, қарздорлиги туфайли шундан фақат 220 миллион кубини сотиб олган.

Жорий йилда эса, Тожикистон Ўзбекистондан 250 миллион кубометр газ сотиб олиши ҳужжатлаштирилган.