Гардиан: 'Британия Бин Лодин, Толибон ва Завоҳирий билан ишлаган'

Image caption Гардианнинг ёзишича, Британия Толибон билан тўғридан-тўғри алоқаларга эга

Британияда чоп этиладиган Гардиан рўзномасига кўра, бу мамлакат махсус хизматлари билвосита террорчиларни тайёрлашга ёрдам берган.

"Бин Лодин, Толибон ва Завоҳирий: Британия буларнинг ҳаммаси билан иш қилган" сарлавҳали мақолада худди ана шундай даъво илгари сурилган.

Муаллиф Марк Кёртсга кўра, британ жосуслик хизматлари аввал советларга қарши Ҳаракат-ул Мужоҳиддин жангариларига кўмак кўрсатган бўлса, кейинчалик ҳам бу гуруҳ билан алоқада бўлиб келаяпти.

Мақола беш йил олдин Лондон нақлиётида уюштирилган террор ҳужумлари сабабларини излашдан бошланади.

"Бу аслида Британиянинг жангари мусулмонлар билан бирга олиб борган узоқ йиллик алоқаларига тақалади",- деб ёзади муаллиф.

Унга кўра, терроризм мамлакатда муҳим муаммо бўлиб турган бир пайтда ҳам, раҳбарият радикал ислом билан махфий тарзда тил бириктириб, ишлашда давом этмоқда.

Лондон бомбачиларнинг иккитаси Покистондаги Ҳаракат-ул Исломий жамлоқларида тайёргарликдан ўтишган.

Бу террорчи гуруҳга қўл келадиган ёрдамни эса, Британия аямаган.

Британия кейинчалик ушбу гуруҳнинг собиқ Югославия ва Косоводаги урушларда қатнашишига ҳам воситачилик қилган.

'Янги демократлар'

Мақола Британия ва АҚШ жосуслик хизматларининг ҳали шўро даврида мужоҳидларни махфий тайёргарликдан ўтказганини ҳам қистириб ўтади.

Яқин ўтмишда собиқ шўролар иттифоқининг Марказий Осиёдаги мусулмон жумҳуриятларида махфий амалиётларни олиб бориш учун Британия Ҳикматёрни қўллаганди, деб урғуланади.

Ҳозирда эса, Покистондаги толибонпараст мулла Фазл-ур Раҳмон Британ ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилган.

Бу мавлононинг айтишича, шу дамларда Британия ва бутун дунёнинг обрўси Афғонистонга қадалиб қолган.

"Американинг иззат-обрўсини йўқотмасдан Афғонистондан чиқиб кетишини таъмин этиш учун Британия ҳозирда билвосита Толибон билан музокараларни давом эттирмоқда",- деб ёзади Гардиан нашри.

Мақола Эрон ва Мисрда ҳам 50-чи йилларда британ махсус хизматлари олиб борган махфий ҳаракатлар ва амалларни мисоллар билан келтирган.

90-чи йиллар охирида эса, Британия ҳукумати Косово Озодлик Армиясида яширин тарзда жангариларни тайёрлагани айтилади.

Бу армия эса террорчи гуруҳ, деб аталган ва уларнинг Ал-Қоида билан ришталари кучли бўлган.

Мақолада хусусан, Бин Лодиннинг ўнг қўли Айман ал-Завоҳирийнинг иниси бу армияни бошқаргани таъкидланади.

Британия ҳамон Толибоннинг асосий ҳомийси бўлмиш Покистон билан иттифоқчидир.

Гардиан собиқ ташқи ишлар вазирлиги мулозими Ким Ҳовелснинг 3 йил олдин парламент текширувида гапирган сўзларидан иқтибос келтиради.

Жаноб Ҳовелс "Кобулдаги элчихонада тушлик чоғида ёнимда ўтирган киши билан танишсам, "ўлим гуруҳи" вакили бўлиб чиққан. Нимага бундай одамларни зиёфатга чақирдинг, деб элчидан сўрасам, "янги демократия қонунлари бўйича ана шу одамлар янги ҳукуматга киришлари керак", дея жавоб берди", -деб айтган Британиянинг собиқ юқори мартабали дипломати.