Қирғизистоннинг собиқ муфтийси оламдан ўтди

Image caption Ҳожи Муротали Жуманов собиқ президент Қурманбек Бакиевга яқинлиги билан танилганди

Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Ҳожи Муротали Жуманов узоқ давом этган хасталикдан сўнг, 37 ёшида оламдан ўтган.

Ҳожи Муротали Жуманов собиқ президент Қурманбек Бакиевга яқинлиги билан танилганди.

Шу йил апрелидаги ғалаёнлар ортидан у Бишкекдаги уйидан номаълум қуролиллар томонидан ўғирлаб кетилган, кейинроқ қўйиб юборилганди.

Қирғизистондаги ҳокимият ўзгаришидан сўнг, у ўз ихтиёри билан муфтийлик лавозимидан кетган.

Ҳожи Муротали Жуманов 2002 йилдан 2010 йилгача Қирғизистоннинг энг юқори мартабали уламоси бўлган.

У Қирғизистон мусулмонлари идорасига раҳбарлик қилган йиллари мамлакатда диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни қаттиқлаштириш тарафдори бўлган.

У шунингдек, маҳаллий имомларни Исломни етарли даражада билмаслик ва диний-экстремистик гуруҳлар қаршисида ожиз қолаётганликлари учун танқид қилган.

Собиқ муфтий айни шу туфайли ҳам ёшлар Ҳузбу Таҳрир сингари гуруҳларга қўшилиб кетаётганини айтган.

Уламо ханафийлик йўналишидаги Ислом бу каби гуруҳларга қарши курашда энг таъсирли йўл эканини айтган.

Ҳожи Муротали Жумановнинг муфтийлиги даврида Қирғизистон мусулмонлар идораси Ҳаж ва молиявий ёрдамлар билан боғлиқ бир қатор можароларга ҳам саҳна бўлган.

Қирғизистон мусулмонлар идораси марҳумнинг пайшанба куни Новқатдаги қишлоғида дафн этилишини билдирган.