Қорасувда саккизта шахси аниқланмаган жасад топилган

Ўш шаҳар қабристонида дафн этилган жасадларни экспертиза учун қазиб олаётган Қирғизистон милицияси ходимлари
Image caption Олдинроқ Ўш шаҳар қабристонида дафн этилган жасадлар текшириш учун қазиб олингани хабар қилинган

Ўш шаҳар комендатураси Қорасув тумани ҳудудида шахси аниқланмаган саккиз инсон жасади топилгани ҳақида хабар қилган.

Комендатура матбуот хизматига кўра, Қорасув тумани ҳудудида саккиз инсон жасади топилгани ҳақида маълумот тушган ва жасадлар шахсини ва ўлим сабабларини аниқлаш бошланган.

Яқинлари бедарак кетган инсонлар шахсларнинг кимлигини аниқлаш учун таклиф этилади, деб билдиришган Ўш комендатураси.

Қирғизистон тиббиёт вазирлигига кўра, қонли ҳодисалар пайти ҳалок бўлган 300 дан зиёд инсон аниқланган, ўнлаб инсонлар бедарак кетганлар.

Айни пайтда Қирғизистон прокуратураси хабар қилишича, Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларда собиқ президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари "қўли борлиги" ўз тасдиғини топган.

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат жанубидаги қонли ҳодисалар бўйича 855 та жиноий иш очилганини, ҳодисаларга алоқадорлик гумони билан 100 киши ҳибсга олинганини маълум қилган.

Қирғиз расмийларига кўра, қўлга олинганлар орасида етти хорижий давлат фуқароси бор.

"Уларни ким ёллаганини тергов аниқлайди, аммо бакиевчилар қўли борлиги факт", деб айтган муваққат ҳукумат раҳбари ўринбосари Азимбек Бекназаров.