Қирғизистон қайта қуриш ишларига ярим миллиард доллар ёрдам сўрамоқда

Қирғизистоннинг ўтиш даври ҳукумати Ўш ҳамда Жалолобод вилоятларида рўй берган зўравонликлар оқибатида вайрон этилган биноларни қайта қуриш амалларига 500 миллион АҚШ долларигача зарурлигини билдирган.

Аксари ўзбекларнинг хонадонлари бўлган биноларга ўт қўйилган, талон-тарож этилган, бошқа шаклларда вайрон бўлган.

Ҳозирги пайтда юзлаб инсонлар вайроналар ўрнида яшашмоқда, мухбиримизга кўра, аксар оилалар қиш-қировли кунлар киргунича ҳеч бўлмаса, уйларидаги бир хонани таъмирлаб, яшаш учун яроқли ҳолга келтиришга уринмоқда.

Қирғиз расмийларига кўра, зўравонликлар оқибатида икки вилоят ҳудудида 2500 атрофида бино, шу жумладан 1900 хусусий уй вайрон этилган.

Бироқ БМТнинг UNOSAT ташкилоти 18 июн куни фазодан олинган фотосуратлар асосида биргина Ўш шаҳрининг ўзида 2000 дан зиёд бино вайрон этилган деб тахмин билдирган.

Қирғизистон ўтиш даври ҳукуматининг молия вазири вазифасини бажарувчи Темир Сариевнинг хорижий дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувида айтишича, қайта тиклаш ва қуриш ишлари учун 450 миллиондан 500 миллион долларгача зарур бўлади.

Маълум қилинишича, Қирғиз муваққат ҳукумати шу йил 27 июлида Бишкек шаҳрида қайта қуриш амалларига кўмаклашувчи халқаро донорларнинг учрашувини ташкил этмоқчи.

Қирғизистон Соғликни сақлаш вазирлиги қонли ҳодисаларда ҳалок бўлгани аниқланган инсонлар сони 309 нафарни ташкил этгани ҳақида эълон қилган.

Бироқ айни пайтда хунрезликларда ҳалок бўлганлар сони расман эълон қилинганидан анча кўп бўлиши мумкинлиги айтилган.

Шу йилнинг 10-11 июн кунлари Ўш шаҳрида бошланган қонли ҳодисаларда ўзбекларни оммавий тарзда шаҳардан чиқиб кетишга мажбур қилган, оқибатда ўша кунлари 400 минг атрофида инсон ўзларининг яшаб турган жойларини тарк этдилар.

100 минг атрофида ўзбек қочқинлари қўшни Ўзбекистон ҳудудидан паноҳ топдилар.

27 июн куни ўтказилган референдум арафасида ўзбек қочқинларининг аксари ўз уйларига қайтишган, бироқ улар ўзларининг калтакланганлари ва ҳибсга олинаётганларини айтишган.