Қирғиз раҳбари муовини Қодиржон Ботировни айбламоқда

Image caption Азимбек Бекназаров ҳукуматдан истеъфога бериб, октябрга мўлжалланган парламент сайловларида фаол иштирок этишини билдирган

Қирғизистон президентининг муовини Азимбек Бекназаров Ўш ва Жалол-Ободдаги зўравонликлар ортида Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар раҳбари Қодиржон Ботиров турганини даъво қилган.

Москвада чоп этилувчи "Коммерсант" рўзномаси билан суҳбатлашган Бекназаров, шунингдек, Қирғизистон жанубидаги тўқнашувларда 893 киши ҳалок бўлганини айтган. Бу қирғиз ҳукумати тарқатган аввалги рақамлардан бир неча бор юқорироқ.

Нима учун ўз назорати остида бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари хунрезликларни бартараф эта олмагани сўралганда, жаноб Бекназаров зўравонликлардан турли гуруҳлар манфаатдор бўлгани, хусусан Қодиржон Ботиров бошчилигида ўзбеклар қўшимча хуқуқлар талаб қилгани, ўзбеклар ўзбек тилини давлат тили бўлишини исташганини айтади.

Бироқ, кейинроқ жаноб Бекназаров ўзбеклар ўзбек тилига қўшимча давлат тили мақоми эмас, балки рус тили ўрнига давлат мақоми берилишини исташганини қўшимча қилади.

Жаноб Бекназаровнинг айтишича, ўзбеклар муваққат ҳукумат улар билан ҳисоблашмай қўйишидан қўрқишган, Ўшдаги зўравонликларга эса Тейит қишлоғидаги собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг уйига ўт қўйилиши туртки бўлган.

"Биз бу уйларни ҳибсга олгандик, аммо Ботиров бу уйларни ёқишга чақирди. Кейин у телевидение орқали чиқиш қилиб, қаранглар, қирғизлар бу уйларни ёқа олмади, мен эса уддасидан чиқдим деган. Қирғизлар ғазаблана бошлашди: нимага бу ўзбек Ботиров ҳибсга олинган уйларни ёққанини айтиб мақтанмоқда? Шундай экан, Ботиров жамоасини ҳаракатлари туртки бўлди. Қирғизлар ғазабланишди, "ўзбеклар ҳаддидан ошди", "Бакиев яхши ё ёмон бўлмасин, барибир президенти, қандайдир ўзбек келиб уни уйини ёқди" деб гапира бошлашди. Бакиевнинг гуруҳи бу вазиятдан яхши фойдаланди. Улар аста-секин молия киритиб, одамларни ўзбекларга қарши кўтара бошлашди," - дейди вице-президент.

Қирғизистон жанубидаги расмийлар 10 июнь куни Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбеклар ўртасидаги муштлашув билан бошланган этник хунрезликларга қирғиз талаба қизларининг жинсий зўрлангани сабаб бўлганини бир неча бор такрорлашган.

Бироқ, жаноб Бекназаров мазкур иддаони рад қилди. Унинг айтишича, бу "миш-мишларни қирғизлар Ўшга келиб, ўч олишни бошлашлари учун атайлаб тарқатишган."

Бакиев оиласининг зўравонликларга қандай алоқаси борлиги, қанча молия ва қурол тарқатгани борасида далил-исбот бор ё йўқлиги сўралганда, жаноб Бекназаров бу каби фактлар тақдим этилишини айтади.

Унга кўра, собиқ президентнинг Ўш воқеалари ортидан қўлга олинган жияни Санжар Бакиев ҳозирда кўрсатма бермоқда ва Бакиев оиласи ёқилган уйлар учун ўч олишни истаганини тан олган.

"Ўзбек ва қирғизларга пул тарқатилгани бизга маълум. Қуро ҳам тарқатилгани борасида маълумотлар бор," - дейди президент муовини.

Талафот

Қирғиз ҳукумати раҳбарининг муовинига кўра, Ўш ва Жалол-Ободдаги воқеаларда 893 инсон нобуд бўлган. Унга кўра, бу фақат расман қайд қилинган талафотлар.

Жаноб Бекназаров "Коммерсант" мухбирининг талафотларнинг неча фоизи ўзбеклар эканини аниқлаштириш сўровини рад қилган.

"Келинг, бу ҳақида гапирмайлик. Биз терговчи идоралар учун ўзбекми, қирғизми - фарқи йўқ. Биз, албатта, бундай таҳлилни ҳам қилаяпмиз, аммо ундай маълумотни эълон қилиш ниятимиз йўқ," - дейди у.

Халқаро ташкилотлар ва Қирғизистоннинг ноҳукумат ташкилотлари қирғиз жанубидаги хунрезликларда асосан ўзбек аҳоли қурбон бўлгани, ҳусусан, ўлдирилган ва уйи ёқилган инсонлар асосан ўзбеклар эканини қайд қилишган.

Ўз мустақил терговларини олиб борган Human Rights Watch ва Amnesty International муваққат ҳукуматнинг хунрезликларга алоқаси текширилишига чақиришмоқда.

Улар, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ва армия қонли воқеаларни нима учун тўхтата олмагани ва БТРлар каби оғир қуролларнинг қандай қилиб ҳужумчилар қўлига тушиб қолгани текширилиши кераклигини айтишмоқда.

+447786201124