Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сузоқлик аёллар ҳибсга олинган яқинларининг озод этилишини талаб қилиб намойиш ўтказдилар

Image caption Қирғизистон жанубидаги зўравонликларга алоқадаор кўрилган 100га яқин шахс ҳибсга олинган, ҳуқуқ фаоллари уларнинг аксари ўзбек миллатига мансуб эканлигини айтмоқдалар.

Қирғизистон Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 300 га яқин Сузоқлик аёллар мамлакат жанубида рўй берган зўравонликлардан сўнг ҳибсга олинган яқинларининг озод этилишини талаб қилиб Ўш-Бишкек трассасини тўсиб қўйишган.

Ички Ишлар вазирлиги вакилига кўра, қўлларида ҳибсдагиларни озод қилиш, рейд ва зачисткаларни тўхтатишни талаб қилган шиорлар кўтариб чиққан аёлларни ярим соатчадан сўнг милиция ходимлари тарқатиб юборганлар.

Расмийлар шу вақтгача июн ойида рўй берган зўравонлкларга алоқадор кўрилган 100га яқин киши ҳибсга олинганини маълум қилишган.

Ҳибсга олинганларнинг яқинлари уларнинг аксари ўзбек миллатига мансуб эканлигини даъво этишади, аммо Ички Ишлар вазирлиги бу ҳақда аниқ маълумотларни тақдим этмаган.

Би-би-си билан суҳбатлашган Сузоқлик аёллардан бирининг айтишича, унинг 36 ёшли акаси ҳам июн ойи охирларида ҳибсга олинган ва унга қотилликка алоқадорлbкда айблар қўйилган.

Аёлга кўра, акаси ҳақида маълумот сўраб борган вақтлари, милиция ходимларидан бири акасининг калтакланган ҳолда туширилган суратини чўнтак телефонидан олиб намойиш этган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Қирғизистон жанубида ўзбек миллатига мансуб фаоллар ва ҳуқуқ фаолларини қамоққа олишлар кучайганини айтишади.

Ўшдаги "Адолат ва ҳақиқат" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг директори Равшан Гапиров ҳам Би-би-си билан суҳбатда унинг ўғли Фарух Гапиров тўрт ҳафта муқаддам ҳибсга олинганини маълум қилди.