Бакиевнинг укаси Тожикистондами?

Image caption Жаниш Бакиев, акаси ва жиянидан фарқли ўлароқ, ўзининг қаерда эканини ҳали ошкор қилгани йўқ.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Александр Князевнинг собиқ қирғиз президентининг укаси, президент хавфсизлик хизматининг раҳбари Жаниш Бакиев Тожикистонда собиқ дала қўмондони паноҳида яширингани борасидаги даъвосини собиқ тожик мухолифати фаоллари кескин рад этишган.

Уларга кўра, бундай хабарлар Тожикистонни ёмонотлиқ қилишга қаратилган кучлар томонидан ёйилган. Александр Князевнинг ўзи матбуот анжуманида айтган гаплари аниқ манбаларга асосланганини билдирган. Жаноб Князев матбуот анжуманида ҳозирда қидирувдаги Жаниш Бакиев Тожикстон ҳудудида, собиқ тожик мухолифати етакчиларидан бири Салимшо Муҳаббатов паноҳида эканини иддао қилган. Унинг Би-Би-Сига айтишича, ўз баёноти ишончли манбаларга асосланган. "Бундай маълумотлар бор. Лекин қоидага кўра, манбалар ошкор қилинмайди," - дейди у. Александр Князев Жаниш Бакиев гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганини даъво қилиб, ана шу савдо унга Тожикистонда бошпана топишга имкон яратганини айтади.

Ўтган ўн йил давомида у Тожикистондан Қирғизистонга ўтадиган наркотрафикнинг деярли 100 фоизини назорат қилди. Табиийки, алоқалар бор, бу бизнес билан боғлиқ алоқалар, шунинг орқасидан шахсий таниш-билишчилик алоқалари бўлган. Конкрет географик номлар ва исмларда янглишган бўлишим мумкин. Лекин, алоқалар мавжудлигига шубҳа йўқ," - деди Александр Князев.

Жаноб Князев матбуот анжуманида Жаниш Бакиевни собиқ тожик мухолифати етакчиларидан бири бўлган Салимшо Муҳаббатов яширган, деб айтган.

Собиқ тожик мухолифати фаолларидан бири, ҳозирда Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбарияти вакили Ҳикматулло Сайфуллозода Қирғизистон воқеаларининг Тожикистон билан боғлашга уриниш ҳоллари биринчи марта эмаслигини ва уларнинг бирортаси ҳам ўз исботини топмаганлигини айтди.

Сиёсатшунос Князевнинг даъвосига Тожикистон расмийлари ҳозирча муносабатларини расман билдиришгани йўқ.

Аввалроқ Қирғизистон хавфсизлик вазири ўринбосари Кубат Байбулов жангарилар орасида Тожикистон вакиллари бўлганлиги ҳақида баёнот берганди.

Бунга жавобан Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ҳайриддин Абдураҳимов "тожик жангарисини топиб беришсин, топиб беришмаса расман кечирим сўрашсин" дея жавоб берганди

Бундан ташқари, Қирғизистон расмий доиралари Ўш воқеаларига собиқ тожик мухолифати вакили Мулло Абдулло алоқадор, деган хабарлар ҳам тарқатишганди. Тожикистонлик баъзи сиёсатшунослар Қирғизистон ҳукумати ўзининг хатолари учун ташқаридан айбдорларни излаяпти, деб ҳисоблашади.

Бизнинг смс рақамимиз: +447786201124