ЎшТВда ўзгаришлар: ўзбек тилида ёритиш тўхтатилган

Image caption ЎшТВда ўзбек тилидаги кўрсатувлар тўхтатилган

Ўшдан келаётган хабарлар кўрсатувларининг бир қисми ўзбек тилида ёритиладиган ва бош директори ўзбек бўлган ЎшТв телерадиокомпаниясида ўзгаришлар юз берганига ишора қилмоқда.

Баъзи манбалар ЎшТВ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев лавозимидан четлатилгани, ширкат ҳиссалари мажбуран бошқа шахсга сотилгани, ҳамда ўзбек тилидаги кўрсатувлар бундан буён тўхтатилишини айтишмоқда.

Қирғиз матбуоти мониторинги билан шуғулланувчи Ўшдаги марказ ходими ЎшТВни давлат тасарруфига ўтказиш ҳаракати юз бергани борасида эшитганини айтди.

Телерадиоширкат раҳбари муовини этиб бугун қирғиз миллатига мансуб Комил Сиддиқов тайинланган.

У биз билан суҳбатда давлат тасарруфига ўтказиш ҳаракатини рад қилди. Айни дамда, кунига 5 соатгача эфирга чиқилаётган бўлсада, ўзбек тилида кўрсатувлар вақтинча тўхтатилганини билдирди.

Бош директор Ҳалилжон Худойбердиев билан боғланишнинг имкони бўлмади. Ўтган жума куни Ўш прокуратураси ЎшТВда тинтув ўтказиб, уни сўроқ қилганди.

Баъзи Ўшдаги манбалар тинтув ва сўроқлар, ҳамда бугунги ўзгаришлар ўртасида боғлиқлик бор дейишади.

Аммо, Комил Сиддиқов давлат томонидан ҳеч қандай босим бўлмаганини айтди. Унга кўра, ширкат ҳиссалари қўл алмашди, холос.

Хўш, ЎшТВга нималар бўлаяпти? Биз ушбу савол билан муваққат ҳукуматнинг матбуот воизи Тимур Шаршеналиевга мурожаат қилдик.

Шаршеналиев: У ерда қандайдир савдо амали юз берган, телевидение акцияларининг бир қисми учинчи шахсга сотилган. Бизга маълум бўлишича, аввалги бош директори ўз лавозимида қолган, унинг муовини этиб Комил Сиддиқов исмли шахс тайинланган. Ўтган хафтадан бери телекомпания кечки соат олтидан саккизгача бир ярим ё икки соат эфирга чиқмоқда.

Би-би-си: Аммо ЎшТВ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиевнинг ҳамкасблари аслида бугун бу телекомпания давлат тасарруфига ўтказилган ва энди барча дастурлар қирғиз тилида эфирга чиқишига қарор қилинганини хабар қилишди.

Шаршеналиев: Яна бир бор урғуламоқчиманки, бу хусусий ташкилот, ва қандайдир давлат тасарруфига ўтказиш бўйича бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Балки бизнинг қандайдир вакилимиз, жанублик Қирғизистон фуқароси акцияларни сотиб олгандир.

Би-би-си: Жума куни ЎшТВ тинтув қилинган ва унинг раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев сўроққа тутилган, бугун эса унинг акциялари сотилгани айтилаяпти. Бу билан унга тергов чоғида босим бўлган деб айтиш мумкинми?

Шаршеналиев: Менимча, бу саволни хуқуқ тартибот органларига бериш керак. Чунки ҳали охирги воқеалар бошланмасидан туриб, эфирга узатилган хабарлар бўйича текширувлар олиб борилган у ерда. Май ойида ЎшТВ ва Низом ТВ узатган хабарлар бўйича текширувлар олиб борилган. Бу телевидениенинг кўрсатувлари аҳоли ўртасида турфаҳил муносабатларга сабаб бўлган. Кўпларнинг фикрида, жанубда юз берган воқеаларнинг асосий омилларидан бири айнан мана шу телевизион канал орқали кўрсатилган у ёки бу воқеалардир.

Би-би-си: Сиз кўрсатувлар мазмунидан гап очдингиз. Айни дамда кўплар, айниқса жанубдаги ўзбек аҳоли, шунингдек ноҳукумат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари қирғиз марказий телевидениесида жанубдаги воқеалар бир томонлама ёритилаётганидан шикоят қилишади. Яъни асосан жабрланган қирғизлар билан суҳбатлар кўрсатилаётгани, воқеаларда асосан ўзбек аҳоли раҳбарлари айбдор этиб тақдим этилаётганидан норозиликлар бор. Сиз эътироф этасизми шундай ёритилаётганини?

Шаршеналиев: Бу нотўғри. Агар хабарлар ёритилишига яхшироқ назар ташласангиз, мен билмайман нима учун бундай танқидлар бўлаётганини. Ким айнан бундай танқидлар билан чиқаяпти ўзи? Биз буни рад қилишимиз мумкин. У томондан ҳам хабарлар ёритилаяпти, масалан ярашув ишларини ёритишаяпти. Икки тўқнашган тарафларнинг ярашаётгани борасида жуда кўп хабарлар кетаяпти. Аммо маълум қийинчиликлар бор, масалан, қирғиз журналисти ўз ҳаётининг хавфсизлиги борасидаги хавотирлар туфайли у ё бу ҳудудларга киролмаяпти. Ўзбек журналистлари учун ҳам шундай хавотирлар бор. Бор гап шу. Лекин, билишимча, ҳозир ЎшТВда фақат саноқли одам ишлаяпти. Кўплари хавфсизлигидан қўрқиб ишга келмаяпти.

Би-би-си: Ҳозирда муваққат ҳукуматнинг қирғиз жанубидаги воқеалар бўйича халқаро тергов ўтказишга муносабати қандай?

Шаршеналиев: Бу масала ҳозирда кўриб чиқилаяпти. Эртага муваққат хукуматнинг энг охирги мажлисларидан бири бўлиб ўтади. Албатта, тергов бўлади. Аммо, бу қандай тергов бўлади, буни яқин кунларда мамлакат раҳбарияти эълон қилади.

Бизнинг смс рақамимиз: +447786201124