'Қозоқ ҳукуматини истеъфога чақирган чақириққа 1 миллион одам имзо чеккан'

Image caption 'Озод' партияси президент Назарбоев чақириғимизга қулоқ тутади, деб умид қилмоқда

Қозоғистоннинг "Озод" бирлашган социал демократик партиясининг таъкидлашича, парламент ва ҳукуматнинг истеъфоси талаб қилинган чақириққа бир миллион одам имзо чеккан.

Шу йил баҳорда ушбу партия фаоллари жойларга чиқишни бошлаган ва халқ орасида ҳозирги иқтисодий-сиёсий ҳолатни тушунтириб қаторларига қўшилишга чақирган.

Мустақил кузатувчилар эса "Озод" партиясининг ушбу ҳаракатларини шубҳа остига олишмоқда.

Қозоғистон парламенти ва ҳукумат таркибини тарқатиб юбориш истагини мамлакатдаги бир миллион одам қўллаб қувватламоқда, деган хабарни “Озод” бирлашган социал демократик партияси матбуот хизмати тарқатди.

Хабарда айтилишича, "Озод" партияси президент Нурсултон Назарбоевнинг қозоғистонликларнинг овозини инобатга олишига ва парламаент ҳамда ҳукуматни тарқатиб юборишга ишонишини билдиради.

Партия лидерларидан Жармахан Туяқбайнинг Би-би-сига айтишича, иқтисодий инқироз туфайли мамлакатда маош, нафақа олувчилар, ўрта ва кичик бизнес жабр кўрди, иш ўринлари қисқарди. Ҳукумат эса талофатларни қисқартириш учун ҳеч қандай чоралар кўрмади:

-Мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий шароити қийинлашиб қолганди. Ва биз ушбу савол билан тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилишга қарор қилдик. Талаблар туширилган варақалар тайёрлаб, филиалларимизга тарқатдик, партиямиз фаоллари эса бутун Қозоғистон бўйлаб аниқ талаблар туширилган қоғозларга имзо йиғишди, дейди Жармахан Туяқбай.

Партия раҳбарининг айтишича, парламент ва ҳукуматнинг истеъфосини сўраб имзо чекканларнинг сони бир миллионга етган бўлса ҳам, норозиларнинг имзосини тўплаш ҳали ҳам давом этмоқда. Мурожаат қилинган одамларнинг қанча қисми имзо чекишни истамаганлиги ҳақида партия раҳбарияти статистикага эга эмаслигини билдирди.

Қозоғистон марказий телеканаллари орқали Назарбоев бошчилигидаги одил сиёсатдан мамнун одамлар кўрсатилар экан, қарийб униталаёзган мухолиф партияларнинг бу каби чиқишларини зиёлилар шубҳа остига олишмоқда.

Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрига кўра, "Озод" партияси президент Назарбоевнинг истеъфосини талаб қилгани йўқ, ҳаттоки, қоғозда унинг фаолияти танқид остига ҳам олинмайди.

Мустақил журналист Сергей Дувановга кўра, Қозоғистонда ҳокимият Назарбоевнинг қўл остида, ҳукумат ва парламент эса унга бўйсинади. "Озод" партиясининг тушунчаси бўйича эса, ҳокимият бу парламент ҳамда ҳукуматдир:

-Бу билан "Озод" партияси яна бир бор Назарбоевга нисбатан бепарволигини очиқ кўрсатмоқда. Уларнинг фикрича, мамлакатда содир бўлаётган ишларга Назарбоевнинг умуман алоқаси йўқ ва ҳамма айб парламент ҳамда ҳукуматнинг зиммасига тушмоқда. Улар Назарбоев режимининг мухолифи эмас, балки унинг атрофидагиларга мухолифлик қилмоқда, ҳамда Назарбоев қўл остида ишлаш учун курашмоқда, дейди Сергей Дуванов.

Президент Назарбоев 20 йилдан буён Қозоғистонни бошқариб келади ва чексиз президент этиб сайланиш ҳуқуқига эга.

Яқинда парламент ва сенат Назарбоевни "Миллат раҳнамоси"га айлантирувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Мамлакатда университет ва истироҳат боғларига Назарбоев номи берилган. Чимкентда "Миллат раҳнамоси"нинг 17 метрлик олтиндан ясалган ҳайкали қўйиш ташаббуслари янграмоқда.

Кузатувчилар Қозоғистондаги салбий ҳолатларда парламент ва ҳукумат айбланишини, ижобий ишларда эса президент номи тилга олинишини айтишади.