Human Rights Watch: Қирғизистондаги қийноқлар ва ҳибслар вазиятни таранглаштиради

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликларга алоқадорликда гумон қилинган ўзбекларга нисбатан ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноқлардан чуқур хавотир билдирган.

Ташкилот эълон килган баёнотда айтилишича, Қирғиз хавфсизлик кучлари асосан ўзбекларни нишонга олмоқда ва бу этник тангликни кучайтириши ва вазиятни янада беқарорлаштириши мумкин.

"Қирғиз расмийлари июн ойида рўй берган зўравонликларда иштирок этишда гумон қилинган ўзбекларни кенг миқёсда қийнаш ва ўзбошимча ҳибсга олиш ҳолларига зудлик билан чек қўймоқлари лозим" дейилади Human Rights Watch баёнотида.

"Қирғиз расмийларининг зиммасида июн зўравонликларини тергов қилиш ва бу зўравонликлар учун жавобгарларни жазога тортиш масъулияти бор экан, улар бу амалларни халқаро ва Қирғиз қонунчилигини бузмасдан бажаришлари лозим. Қийноқлар орқали иқрор бўлишга мажбурлаш терговни обрўсизлантиради ва этник конфликт алангасини кучайтиради", дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Human Rights Watch Ўш вилоятида ўзбек маҳаллаларида ўзбошимча ҳибсга олишлар амалга оширилгани ҳақида қатор, ишончли ахборотга эга эканини маълум қилади.

Ҳибсда ушланиб турганларга нисбатан калтаклаш, қийноқлар дохил бошқа шафқатсиз муомала қўлланаётганини хабар қилган Human Rights Watch.

Қирғиз кучларининг таҳқирлашлари туфайли бир инсон нобуд бўлгани, ўнлаб ўзбеклар жароҳатланганини Human Rights Watch ҳужжатлаштирган.

Халқаро ташкилот 11 июл куни 20 ёшли Хайрулло Омонбоевнинг Ўш шаҳар милициясида ҳибсда сақланаётган пайтида олган жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмганини хабар қилади.

Хайрулло Омонбоев 30 июн куни ҳибсга олинган, эртаси куни унинг яқинларига Хайруллонинг милиция биносининг иккинчи қаватидаги деразадан йиқилиб тушганини айтишган.

Ўш шифохонасидагилар Хайрулло Омонбоевнинг беҳуш ҳолатда келтирилганини маълум қилишган.

Хайрулло Омонбоевнинг қариндошлари унинг ўлими борасида ҳам шикоят қилишдан қўрқишаётганини билдирган Human Rights Watch.

Би-би-си Human Rights Watchнинг Ўшда бўлган тадқиқотчиси Анна Нейстат билан суҳбатлашди.

Анна Нейстат: Ҳозиргача биз маҳбусларга ёмон муомала қилинган ва қийноқ қўлланилган 30 ҳолатни ҳужжатлаштирдик. Бу охирги бир-икки кунда қўлга киритилган далиллар ва ишонамизки, фақат денгиздан бир томчи, холос. Бундан ташқари биз олтмишдан ортиқ ноқонуний ҳибсга олиш ҳолларини ҳужжатлаштирдик. Мен сизга охирги рақамни беролмайман. Чунки сизга гапириб турган шу дақиқаларда ҳам одамлар менга бутун Ўшдан телефон қўнғироғи қилиб, янги ҳибсга олишлар ва қийноқлар ҳақида маълумот беришаяпти. Бир кечада ҳибсга олиниб, қийноққа солинган ўнлаб одамлар бор. Уларнинг баданларида қийноқ изларини кўришингиз мумкин. Биз ҳали ноқонуний ҳибсга олинган ва қийноққа солинган ҳамма одамлар билан гаплашганимиз йўқ ва шунинг учун ҳам рақамлар борасида эҳтиёт бўлаяпмиз. Аммо ўттизта ҳолатни тасдиқлашим мумкин.

Би-би-си: Ҳибсга олинаётган кимлар ва уларга қарши далиллар қанчалик ишонарли?

Анна Нейстат: Хавотирга сабаб бўлаётган яна бир жиҳат ана шунда. Ҳозиргача ҳибсга олинган ва қийноққа солинганларнинг асосан ўзбеклар эканидан биз жуда ҳам ташвишдамиз. Бизнинг хулосаларимиз маҳбусларнинг ўзлари ва ҳимоячилар билан бўлган суҳбатларга асосланган. Биз турли миллат, ўзбек, қирғиз, тожик, татар ва бошқа миллатларга мансуб маҳбуслар билан ишлаётган беш нафар ҳимоячи билан суҳбатлашдик. Уларнинг сўзларидан англашилгани шуки, ёмон муомала ва қийноқлар фақат ўзбекларга нисбатан бўлаяпти. Биз ҳуқуқ-тартибот мулозимларидан бири билан ҳам гаплашдик. У бизга ўзларига қарашли ҳибсхоналардаги маҳбусларнинг ҳаммаси ўзбек миллатига мансублигини айтди. Биз хавфсизлик амалиётларининг номутаносиблигидан ва уларнинг бу ердаги ўзбек жамоасига нотўғри ишора беришидан хавотирдамиз.

Би-би-си: Аммо сизлар ҳибсга олинган ва қийноққа солинган қирғизлар ҳақида ҳам маълумот олишга уриндингизми? Айтайлик, қирғиз маҳаллаларига ҳам бориб, бу борада сўровлар ўтказдингизми?

Анна Нейстат: Албатта, биз имкон қадар холис бўлишга ҳаракат қилаяпмиз ва худди шу ниятда бир неча қирғиз маҳаллаларига ҳам бордик. Биз қиргиз фаоллари билан ҳам ишлаймиз. Аммо ҳозиргача биронта қирғиз миллатига мансуб фуқародан ноқонуний ҳибсга олингани ёки ноинсоний муомала қилингани ҳақидаги шикоятни эшитганимиз йўқ. Баъзи қирғиз ҳуқуқ-тартибот расмийлари ҳибсга олинганларнинг орасида қирғизлар ҳам борлигини айтишади. Аммо ҳозиргача биз бундай ҳолатга дуч келмадик. Мен маҳбуслар юз фоиз ўзбеклар деб айтаётганим йўқ. Албатта, уларнинг орасида баъзи қирғизлар ҳам бор. Масалан, бир ҳолатда тўқсон иккита маҳбусдан биттаси қирғиз миллатига мансуб эди, бошқа бир ҳолатда эса олтмишта маҳбусдан иккитаси қирғиз бўлиб чиқди. Кеча биз асосан қирғизлар яшайдиган мавзеъда бўлдик. У ердаги полиция бизга биронта ҳам қирғизни ҳибсга олмаганини айтди. Аммо биздаги кўпгина гувоҳликларга кўра, зўравонликка алоқаси бор шахсларнинг баъзилари ана шу қирғиз мавзеъсидан бўлишган. Лекин бу ерда ҳеч қандай ҳибсга олиш амалга оширилмаган.

Би-би-си: Қирғиз мулозимлари хавфсизлик амалиётлари чоғида инсон ҳуқуқлари бузилишларига йўл қўйилаётганини эътироф этишади, аммо бу каби зўравонликларни текшириш жараёнида айрим қонун бузилишларидан қочиб бўлмаслигини ҳам айтадилар. Сизлар бу каби хулосалар қилганда вазиятнинг мураккаблигини ҳам эътиборга олаяпсизларми?

Анна Нейстат: Мен сизга бир сўз билан жавоб берадиган бўлсам, йўқ, биз уларнинг важларини қабул қилмаймиз. Ҳа, бу каби йирик миқёсдаги зўравонликларни текшириш жуда қийин, аммо баъзи нарсалар борки, терговчилар уларга амал қилишлари мумкин. Масалан, қийноққа солмаслик. Албатта, биз халқаро қонун доирасида ишлаймиз. Аммо маҳаллий қонунлар ва шароитлардаги қийинчиларни ҳам тан оламиз. Аммо ҳозирда катта миқёсда содир этилаётган маҳбусларнинг дўппосланиши ва қийноққа солинишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бундай усуллар нафақат самарасиз, балки уларнинг ўзларининг текширув олиб бориш ҳаракатларига ҳам путур етказади. Ҳозирги шароитда фақат халқаро полиция кучларини киритиш вазиятни ўзгартириши мумкин. Бу халқаро тергов ўтказиш учун ҳам муҳим.