Қозоқ-Қирғиз чегарасида икки Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган

Қирғизистон
Image caption 7 апрел ҳодисаларидан кейин Қозоғистон чегараларини қаттиқ тартибда қўриқлашга ўтилган

Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида отишма натижасида икки қирғизистонлик ҳалок бўлган ва бир қозоғистонлик чегарачи оғир яраланган.

Расмий хабарларга кўра, Қирғизистон фуқаролари ноқонуний равишда бир уюр от олиб ўтаётган бўлганлар ва Қозоғистон чегарачиларининг огоҳлантиришларини рад этганлар, ўқотар қуролдан отишган.

Кузатувчилар Қирғизистондаги охирги ойлардаги ҳодисалардан кейин оддий одамларда кўплаб қурол қолиб кетаётганини ва бу жамиятга хавф туғдираётганини айтишади.

Отишма 13 июл куни Қозоғистоннинг Қирғизистон билан тоғли ҳудудидаги чегара қисмида қонунбузарлар ва чегарачилар ўртасида рўй берган.

Қирғизистоннинг уч фуқароси бир уюр отни чегарани ноқонуний кесиб ўтиб юртига олиб кетаётган бўлган.

Қозоғистон чегара хизмати матбуот котиби Лариса Дмитрюкнинг Би-би-сига айтишича, қонунбузарлар чегарачиларнинг огоҳлантиришига қулоқ тутишмаган.

"Уларни тўхтатиб ҳужжатларини текширишга ҳаракат қилинганида тартиббузарлар қуролли қаршилик кўрсатди ва биринчи бўлиб чегарачиларга ҳужум қилди. Натижада икки ўртада жанг бошланди ва бир чегарачи яраланди", дейди Лариса Дмитрюк.

Чегара хизмати масъулининг илова қилишича, юзага келган отишма натижасида икки қонунбузар ўлган ва биттаси қўлга олинган.

Яраланган чегарачи марказий ҳарбий госпиталга ётқизилган, унинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Қўлга олинган қирғизистонлик чегарани ноқонуний равишда бузиб ўтганлигини тан олган.

Ундан 3 та қурол ва 20 бош от олинди.

Чегара хизмати масъулларининг билдиришича, ўша куни яна қирғизистонликлар томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолати аниқланган. 5 кишидан иборат гуруҳ 400 бош қорамолни ноқонуний равишда Қироғизистонга олиб ўтаётганда чегарачилар томонидан тўхтатиб қолинган.

Қўлга олинганлардан 3 дона оптик мўлжалга олувчи қурол тортиб олингани хабар қилинган.

Қозоғистон чегара хизмати матбуот котиби Лариса Дмитрюк ўғирланган молларни чегара оша ноқонуний равишда олиб ўтиш ҳолатлари олдин ҳам учраганини айтиб, қонунбузарларнинг қурол ишлатиш ҳолатлари ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Маҳаллий кузатувчилар Қирғизистондаги сўнгги қонли тўқнашувлар ортидан одамларнинг қўлларида қурол тўпланиб қолганини ва бунинг оқибатида чегаралар бир мунча хавфли бўлиб қолганини айтишади.

Бўлиб ўтган қуролли тўқнашувга қарамай, Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини қўриқлашда кучайтирилган тартибдан оддий режимга кўчган.

7 апрелда Қирғизистонда бўлиб ўтган давлат тўнтаришидан сўнг Қозоғистон давлат чегараларини ёпиб қўйган ва кейинчалик уни қисман очиб кучайтирилган тартибда қўриқлаб келаётган эди.