'АҚШ Қирғизистондаги ўзбекларнинг аҳволидан ташвишда'

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича махсус ёрдамчиси Майкл Макфол Бишкекда. 2010 йил 14 июл
Image caption АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича махсус ёрдамчиси Майкл Макфол Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ҳуқуқлари поймол этилаётганидан ташвиш билдирди

Бишкекка борган АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича махсус ёрдамчиси Майкл Макфол Америка Қирғизистон жанубига Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция кучларини жойлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтган.

АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Майкл Макфол Қирғизистон расмийлари билан учрашувдан кейин журналистлар саволларига жавоб бераркан, Қўшма Штатлар Қирғизистон жанубида инсон ҳуқуқлари бузилаётганидан ташвишда, деб айтди.

"Айниқса этник ўзбек фуқаролар ҳуқуқларидан", деди Майкл Макфол.

Президент Барак Обаманинг махсус ёрдамчиси ушбу масалани Қирғиз расмийлари билан учрашувда муҳокама этганини маълум қилган.

"Бугун Қирғизистон ҳукумати олдида турган асосий вазифа томонларнинг ярашиши учун муҳитни барпо этиш. Бунинг учун эса этник мансублигидан қатъи назар, Қирғизистоннинг барча фуқаролари ҳуқуқларини муҳофаза этиш керак", деди жаноб Макфол.

Президент Барак Обаманинг махсус ёрдамчиси Қирғизистон жанубида рўй берган ҳодисалар сабабларини халқаро ҳамжамият вакиллари иштирокида ҳар томонлама тергов ўтказиш тарафдори эканликларини билдирган.

"Мен Қирғиз ҳукумати тергов жараёнига халқаро экспертларни жалб қилишга ва ушбу жараёнга барча гуруҳлар иштирокини таъминлашга тайёрлигини эшитишдан хурсанд бўлардим", деб айтган Майкл Макфол.

Жаноб Макфол айтишича, Қирғизистон жанубига Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг қуролсиз полиция зобитлари жойлаштирилиши мумкин, 50 тача полициячи Ўш ва Жалолободдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилади.

"ОХҲТнинг доимий кенгаши полиция кучларини юбориш масаласини муҳокама этиши керак. Бу масала 16-17 июл кунлари ОХҲТ ташқи ишлар вазирларининг Қозоғистондаги норасмий саммитида кўриб чиқилади", деб айтди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича махсус ёрдамчиси Майкл Макфол.