Қирғизистонда этник зўравонликларни текшириш учун 'миллий комиссия' тузилди

Image caption Ўзбеклар қирғиз армияси қуролли оломон томонида туриб, ўзларини ҳужумга тутганини айтишади

Президент Роза Ўтинбоева мамлакат жанубидаги этник зўравонликларни текшириш учун махсус комиссия ташкил этиш ҳақидаги буйруқни имзолаган.

"Миллий комиссия" деб аталаётган гуруҳ Ўш ва Жалолободдаги ҳодисаларнинг сабаб ва оқибатларини ўрганади ҳамда "тегишли тавсиялар"ни ишлаб чиқади.

Комиссия раиси этиб қирғиз академиги А.Эркебаев тайинланган, унинг таркибидан жамоат арбоблари, олимлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўрин олган.

Президент Ўтинбоева комиссияга шу йилнинг 10 сентябрига қадар юз берган фожиали ҳодисалар юзасидан тегишли хулосани тақдим этиш вазифасини юклаган.

Расмий хабарда "лозим бўлгани тақдирда комиссия ўз ишига вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда халқаро экспертларни жалб этиши мумкин"лиги айтилади.

Аммо комиссиянинг мандати ҳақида маълумот йўқ.

Комиссия аъзоларининг рўйхати матбуотда эълон қилинган, аммо унда ўзбек жамоасининг кўзга кўринган намояндалари йўқ.

Би-би-сига гапирган комиссия аъзоларидан таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова комиссиянинг қандай фаолият олиб бориши ҳозирча унинг ўзига ҳам қоронғу экани ва бу борада кўпгина саволлар борлигини айтди.

Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар гувоҳлари қирғиз армиясининг қуролли оломон томонида ўзбекларни ўққа тутгани, ҳарбий кийимдагиларнинг қизларни зўрлаш, уйларга ўт қўйиш ва талончиликларда иштирок этганини даъво қилишган.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳодисаларни ўрганувчи ҳар қандай комиссиянинг мандати ҳукуматнинг зўравонликлардаги эҳтимолий ролини текшириш ваколатини ўз ичига олиши кераклигини айтган.

Халқаро текширув

АҚШ, БМТ ва Оврўпо Иттифоқи ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган.

Чоршанба куни Бишкекда Президент Ўтинбоева билан кўришган АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича махсус ёрдамчиси Майкл Макфол халқаро текширув ўтказиш талабини яна бир марта такрорлаган.

"Бу жараён халқаро экспертлар ва барча гуруҳларни ўз ичига олиши керак", деб айтган АҚШ мулозими.

У шунингдек, Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганидан жиддий ташвишда эканликларини билдирган.

Чоршанба куни бу ҳақда махсус ҳисобот эълон қилган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти қирғиз милицияси ўзбекларни ноқонуний ҳибсга олаётгани ва қийноққа солаётганини айтган.

Ташкилотнинг огоҳлантиришича, қирғиз хавфсизлик кучларининг амалиётлари миллий танглик ва беқарорликни янада кучайтиради.

Ҳюман Райтс Вотчнинг Ўшдаги тадқиқотчиси Анна Нейстатга кўра, қирғиз томонининг текшируви холис бўлиши қийин.

"Этник низо сабабларини ўрганишда учинчи, холис томоннинг мустақил текшируви бўлиши керак”, дейди Анна Нейстат.

Шу ҳафта охирида Ўшга сафар қилиши кутилаётган Олмония ва Франция ташқи ишлар вазирлари ҳам халқаро тергов талабларини урғулашлари кутилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистонда бўлган Франция ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Франсуа Зимерай Ўш ва Жалолободда содир этилган хунрезликларни "инсониятга қарши жиноят" деб тасвирлаган ва шундай деб тан олиниши кераклигини айтган.

"Бу оддий бир ғалаён эмас. Биз йирик кўламдаги инсониятга қарши жиноят қаршисида турибмиз. Унда халқаро ҳамжамиятнинг иштироки қандай бўлиши қайта кўриб чиқилиши керак. Мен баъзи амалга оширилган жиноятларнинг бешафқатлигига эътиборни қаратишга мажбурман, ва ўйлашимча, жаҳон ҳали нималар ҳақида гапираётганимизни англаб етмади," деб айтган Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича мулозими.