Philip Morris Қозоғистондаги болалар меҳнати юзасидан огоҳлантирилди

Phillip Morris
Image caption Philip Morris дунёнинг аксар мамлакатларига тамаки маҳсулотларини сотади

Қозоғистонда мажбурий ва болалар меҳнати ёрдамида етиштирилган тамаки хом ашёсини сотиб олганига оид ҳисобот ортидан Philip Morris International бу борада "жиддий муаммолар" борлигини тан олган.

Тамаки ишлаб чиқарувчи халқаро ширкат бу каби ҳолларга чек қўйиш ва текширув ишларини кучайтириш масаласида "зудлик билан қатор чораларга қўл урган"ини билдирган.

Ширкатга кўра, "ҳеч ким хавфсиз бўлмаган ва ноқонуний шарт-шароитларда ишламаслиги керак".

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг ҳисоботида айтилишича, Қозоғистоннинг тамакизорларида ишлаётган меҳнат муҳожирларининг паспортлари тортиб олинган ва улар узоқ соатлаб ишлашга мажбур этилишган.

Ҳисоботга кўра, айрим ҳолатларда 10 ёшли болалар ҳам дала меҳнатига жалб этилганлар.

Халқаро ташкилотнинг билдиришича, бу хусусдаги ҳисоботи ўтган йили 70 га яқин киши билан олиб борган суҳбатларига асосланган.

Ҳисоботда ҳар йили Қозоғистон тамакизорларига ишлаш учун борувчи 10 минглаб қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг тақдирлари ўрганилган.

Аён бўлишича, ишга ёлловчилар уларнинг иш ҳақларини ўз вақтида беришмаган ва ишлаб топган пулларидан уриб қолишган.

Оилавий бўлиб ишлаётган айрим меҳнат муҳожирлари нақд пулни фақат тамаки ҳосили йиғиштириб олингандан кейин олишган. Бунга эса, 8-9 ой кетган.

Бу каби шароитларга чидолмай кетаман, деганлари эса, жарима тўлашларига тўғри келгани ёки паспортлари ўзларида бўлмагани учун яна шу ерда қолишга мажбур бўлишган.

Болалар меҳнати

"Хьюман Райтс Вотч"нинг айтишича, 10 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг Қозоғистон тамакизорларида меҳнат қилишаётганига оид 72 та ҳолатни аниқлашган.

"Катта киши бўладими ёки бола, тамакизорларда меҳнат қилаётган кўпчилик Қозоғистонга келиб, бу ердан кетолмай қолишган," дейди халқаро ташкилотнинг нуфузли тадқиқотчиси.

"Хьюман Райтс Вотч"га кўра, "Қозоғистон ҳукумати билан бир қаторда "Филип Морис" ширкати ҳам тамаки етиштирувчиларнинг муҳофазаси йўлида кўпроқ иш қилишлари лозим".

Швейцарияда жойлашган Рhilip Morris International ширкати дунёнинг 160 давлатига тамаки маҳсулотларини сотади.