Роза Ўтинбоева: "Қирғизистон ОХҲТ полицияси жойлаштирилишини кутаяпти"

Роза Ўтинбоева
Image caption Роза Ўтинбоева ОХҲТ полициясини Қирғизистонга жойлаштириш юзасидан музокаралар ниҳоялаб қолганини айтади

Қирғизистон Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидан мамлакат жанубида тартибни ўрнатишда ҳукуматга ёрдам бериш учун қуролсиз полициячиларини юборишини кутаяпти, деб айтган Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева.

У халқаро полиция кучларини жойлаштириш масаласида олиб борилаётган музокаралар ниҳоий босқичда эканини маълум қилган.

Шу йил июн ойида Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар орасида юз берган этник зўравонликларда юзлаб кишилар қурбон бўлганди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полиция кучларининг 50 нафар зобитдан иборат бўлиши ва уларнинг асосан вазифаси маҳаллий полиция кучларини тайёргарликдан ўтказиш бўлиши хабар қилинмоқда.

Аввалроқ расмий Бишкек бу хусусда яқинда Оврўпо Иттифоқига ҳам мурожаат этган ва иттифоқ тез орада ушбу масалани муҳокама этишга ваъда берганди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ҳам ОХҲТдан Қирғизистонга полиция кучларини юборишни сўраган эдилар.

"ОХҲТ полицияси жанубий Ўш шаҳрида машғулотлар ўтказади, хавфсизлик кучларига маслаҳатлар беради ва мониторинг ўтказади," деди Роза Ўтинбоева.

Бундан мақсад аҳоли орасида қирғиз хавфсизлик кучларига қайта ишонч уйғотиш экани таъкидланмоқда.

Қирғизистон президентининг қўшимча қилишича, ОХҲТ полициячиларида қуролсиз бўлишади.

Аммо уларнинг маҳаллий ҳамкасблари билан бирга кўчаларда қўриқчилик қилиши айтилмоқда.

Улар куз ойларига режаланган сайловлар ўтиб олгунча, Қирғизистонда қолишади.

Қирғизистон хавфсизлиги ОХҲТ саммити кун тартибида

Айни дамда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо 56 давлат юқори мартабали дипломатлари Олма-ота саммитида қўшни Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этишмоқчи.

Бироқ Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Қирғизистонга полиция кучларини юбориш хусусида ҳали якуний тўхтамга келмаган.

Тасдиқлангани тақдирда полиция зобитларининг июл ойи охирларигача Қирғизистонга етиб боришлари кутилмоқда.

Бу Қозоғистон халқаро ташкилот раислигини қабул қилиб олган январ ойидан буён Қозоғистонда уюштирилаётган энг йирик дипломатик йиғиндир.

Олиймақом йиғин иштирокчилари таркибида ОХҲТ га аъзо ўттиздан ортиқ давлат ташқи ишлар вазирлари ҳам бор.

Қозоғистон Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилаётган биринчи собиқ Шўро давлатидир.

ОХҲТ Оврўпонинг демократияни тарғиб этувчи энг етакчи ташкилотларидан бири саналади.

Расмий Остона эса, Қозоғистонда демократик ислоҳотлар ўтказиш ваъдаси билан ушбу мақомга эришганди.

Аммо кўплаб инсон ҳақларини сақлаш гуруҳлари Қозоғистон ўз ваъдаларининг устидан чиқмаганлигини айтишади.

Қозоғистон АҚШ Президенти Барак Обама дохил ОХҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида шу йил охирларида ҳам йирик саммит ўтказиш режасида.

Ҳозир шу хусусда халқаро ташкилот аъзоларининг дастагини қўлга киритиш учун ҳалак. Қозоқ ҳукуматига кўра, бу каби йиғинга фавқулодда эҳтиёж бор.

Аммо ҳукумат танқидчиларига кўра, Қозоғистон бунинг ўрнига матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари каби ички масалаларга кўпроқ эътибор қаратгани тузук.