Барак Обама "Қирғизистондаги вазиятдан хавотирда"

Майкл Макфол
Image caption Майкл Макфол Марказий Осиёга президент Обама топшириғи билан келган

АҚШ президенти Барак Обама Марказий Осиё минтақаси, айниқса Қирғизистондаги вазиятдан хавотирда.

Бу ҳақда Хавфсизлик масалалари бўйича АҚШ президенти ёрдамчисининг муовини Майкл Макфол Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан Душанбеда бўлиб ўтган учрашуви ортидан айтди.

Майкл Макфол минтақага сафаридан мақсад хавсизлик ва Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисаларнинг такрорланишини олдини олишга қаратилган масалаларни муҳокама этиш эканини билдирди.

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ўтган ой юз берган миллий зўравонликларда, расмий рақамларга кўра, 900 га яқин одам ҳалок бўлган ва яна бир неча минг одам яраланган.

Майкл Макфол Душанбега келишидан аввал Тошкент ва Бишкек шаҳарларида Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари билан учрашганди.

Душанбеда Тожикистон президенти билан учрашуви ортидан журналистларга гапирган жаноб Макфол президент Обаманинг унга Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликлар олдини олиш учун Америка қандай амалларни бажариши мумкинлиги ҳақида маълумот тўплаш топшириғини берганини айтди.

У шунингдек президент Имомали Раҳмон билан учрашув чоғида Тожикистонга таҳдид солган масалалар ҳам муҳокама этилганини илова қилди.

Аммо Майкл Макфол айни масалада қўшимча изоҳ бермади.

Америкалик мулозимнинг айтишича, Тожикистон дунё иқтисодий бўҳронидан жиддий зиён кўрганини инобатга олиб, Қўшма Штатлар унга жорий йилда 50 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратишга қарор қилган.

Аммо АҚШ мулозими ажратилажак маблағнинг қайси лойиҳаларга ишлатилишини айтмади.

Жаноб Макфолнинг айтишича, берилажак ёрдам Президент Обаманинг минтақа давлатлари билан иқтисодий ҳакмкорликларни кенгайтиришни назарда тутувчи янги сиёсатига асосланган.

Оқ Уй маъмурияти афтидан Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига ҳам ўхшаш иқтисодий ёрдамларни бериши кутилмоқда.

Америка президенти ёрдамчисининг муовини сўзларига кўра, Имомали Раҳмон билан учрашув чоғида икки мамлакат ўртасида энергия ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилган.

Унинг айтишича, учрашувда шунингдек Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги юк-транзит муаммолари ҳам мубоҳиса этилган.

Сўнгги ойларда минтақа давлатлари, айниқса Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида вагонлар транзити масаласида сўнгги ойларда сезиларли ихтилофлар юзага келган.