ОХҲТ саммити: дабдаба кун тартибига мос келадими?

Қозоғистоннинг Олма-ота вилояти, Оқбулоқ оромгоҳида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирларию, дипломатларнинг норасмий йиғинида "хавфсизлик" ва "таҳдид" сўзлари энг кўп янграгани эҳтимол ажабланарли эмасдир.

Зўравонлик кўлами ва шафқатсизлиги билан нафақат минтақани, балки дунёни ҳам бир ҳушёр торттирган Қирғизистон ҳам норасмий саммит очилишида асос нутқларни сўзлаган деярли ҳар бир раҳбару мулозимнинг тилида бўлди.

Президент Назарбоев ўз кириш сўзида Қозоғистон Қирғизистондаги қайта қуриш амаллари учун 10 миллион доллар ёрдам ажратишини маълум қилди, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган мамлакати Назарбоев жанобларига кўра, "дунё раҳбарлари билан бамаслаҳат ҳаракат қилган Қозоғистон Қирғизистонда кенг кўламли фуқаролар уруши бошланиб кетишига йўл қўймади."

Қозоғистон миллат раҳномоси ва ё элбошиси Қирғизистондаги сўнгги беш йил ичида кечган икки ҳукумат алмашувини инқилоб эмас, балки давлат тўнтариши деб атади. Унинг назарида, давлат тўнтаришларига сабаб иқтисоднинг ривожланмагани, халқнинг қашшоқлиги, ҳукумат тизимларининг ожизлиги ва демократик институтларнинг мустақилликнинг илк йилларида мустаҳкам бўлмаганидир.

Олмония ва Франса вакиллари эса Қирғизистондаги қонли зўравонликларга доир халқаро текширувни дастаклашаётганини урғулашди.

Дунёнинг хавфсизликка доир энг йирик ташкилотига раислик килаётган Козоғистон учун айни йиғинда кўтариладиган яна бир муҳим масала ОХҲТ давлат раҳбарларининг саммитини ўтказиш режаси билан боғлиқ.

Бу режа афтидан амалга ошадиган кўринади. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби Марк Перрин Бришамбонинг Би-Би-Сига айтишича, 2010 йилда аъзо давлатларнинг олиймақом учрашувлари ўтиши учун муросаага эришилган.

Ҳозирга қадар бу ғояни хушламай келаётган Америка Қўшма Штатлари 2010 йилда Қозоғистонда саммит ўтиши режасини маъқуллаган.

Аммо, унинг аниқ муддати ва ё Президент Обаманинг иштирок этиши номаълум. Бош котибга кўра, вақт оз қолмоқда ва Америкада сайловлар жараёни бошланиб кетиши назарда тутилса, Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг иштироки эҳтимолга яқинроқдир.

Айни дамда айрим Ғарб давлатлари дипломатлари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва мамлакатдаги мухолиф гуруҳлар Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигига доир ислоҳотлар ўта суст кечаётганини танқид остига олишади.

Шунда ҳам баъзи кузатувчилар, Қозоғистонга аввал бошидан ташкилот раислиги айни шу сабаблар юзасидан топширилмаслиги керак эди деган фикрда собитлар.

Хуллас, шўрочасига дабдаба билан ўтказилган норасмий саммитда Қозоғистон орзуси ушалган кўринади. Айрим Ғарб давлатлари, инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва мамлакат мухолифати Қозоғистонни қанчалар танқид қилмасин, Марказий Осиё минтақаси ортиқ дунёнинг қудратли давлатлари назаридан четда қолиши мушкул...

Бугун Марказий Осиё нафақат Афғонистондаги зўравонликлар ва Қирғизистондаги сўнгги хунрезлик билан, балки Қозоғистон каби табиий заҳираларга бой мамлакатлари билан ҳам назарга тушмоқда.