НАТО бош котиби Душанбеда тўхтаб ўтди

Image caption НАТО бош котиби олдида Афғонистондаги хавфсизлик учун масъулиятни маҳаллий расмийларга топширишдек қийин вазифа турибди

НАТО Бош Котиби Андерс Фог Рассмусен аввалдан режаланмаган сафар билан Тожикистон пойтахтига келган. У Душанбекда Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Амирқул Азимов ва Мудофаа Вазири Шерали Ҳайруллоевлар билан музокаралар ўтказган.

НАТО бош котиби 20 июлда Кобулда ўтиши мўлжалланган халқаро анжуманда иштирок этиш олдидан, Душанбеда тўхтаб ўтган.

У тожик расмийлари билан Тожикистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик, террорчиликка қарши кураш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, ҳамда Марказий Осиёдаги мавжуд вазиятни муҳокама қилган.

ИТАР-ТАСС билан суҳбатда жаноб Азимов музокаралар чоғида яна бир бор тожик раҳбариятининг афғон муаммосини ҳал қилишдаги "қатъий ва давомли" мавқеи урғуланганини билдирди.

Тожик хавфсизлик кенгаши раҳбарига кўра, Афғонистондаги бошбошдоқликка тез орада якун ясамоқ зарур.

Музокаралар чоғида наркотрафик муаммосига ҳам тўхталган, аммо айнан нима муҳокама қилингани номаълум. Тожикистон Афғонистонда ишлаб чиқариладиган гиёҳванд моддаларнинг Оврўпога етиб бориши учун асосий йўлаклардан биридир.

Кобулда 20 июлда очиладиган анжуман афғон раҳбариятининг халқаро кучлар қўлидан босқичма-босқич равишда хавфсизлик бўйича бошқарувни қабул қилиб олиш ва барқарорликни мустақил равишда таъминлаш масалаларига бағишланади.

Анжуманда қўшни мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, Оврўпо давлатлари вакиллари ва АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон иштирок этадилар.

Британия ўз аскарларини тўрт йил ичида Афғонистонда олиб чиқишни режалаётганини билдирган.

Якшанба куни Британия Мудофаа Вазири Лиам Фокс афғон қўшинлари хавфсизлик масъулиятини 2014 йилда ўз қўлларига олишлари бўйича Кобул анжуманида келишиб олинишини айтди.

Бироқ, танқидчилар халқаро қўшинлар чиқиб кетиши билан Афғонистонда Толибон яна ўз ҳужумларини ошириб, мамлакатдаги аҳволни янада абгорлаштиришини айтиб огоҳлантиришган.