Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистонда миллатлараро тинчликни қандай ўрнатиш мумкин?

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Неви Пиллай Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан инсон ҳуқуқлари поймол этаётганини қоралади.

Неви Пиллай эълон қилган баёнотда айтилишича, Қирғизистон хавфсизлик кучлари мамлакат жанубида қийноқ қўллаш ва ўзбошимча ҳибсга олиш сингари инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини такрор-такрор содир этмоқдалар.

Пиллай хоним бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий комиссарлиги кўплаб маълумотлар олаётганини билдирган.

"Кўп сондаги инсонлар - уларнинг аксари ёш йигитлар, ташқи кўринишидан ўзбеклар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганлар. Бу нарса аниқ этник нохолисликнигина эмас, Қирғиз ҳамда халқаро қонунчиликнинг фундаментал асослари поймол этилаётганини намойиш этади", дейилади БМТнинг инсон ҳақлари комиссарлиги раҳбари баёнотида.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Неви Пиллайга кўра, июн ойидаги қонли ҳодисаларга алоқадорлик важи билан аксар ўзбекларга ноқонуний муомала қилинаётгани ҳолларига қарши Қирғизистон расмийлари чора кўрмаяптилар.

Қирғизистонлик маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари июл ойи бошида Ўш шаҳрида юз нафар атрофида ўзбек миллатига мансуб кишилар ҳибсга олинганини кўришганини, бу инсонлар ўзларига қандай айб қўйилганини билмасликлари, уларнинг адвокат билан учрашишларига изн берилмаётгани ҳақида хабар беришган.

Қирғиз расмийлари шу кеча-кундузгача неча кишини ҳибсга олишгани ҳақида маълумот беришгани йўқ, гумондорларга қийноқ ва ноқонуний муносабат қўлланаётгани ҳақидаги баёнотларга нисбатан сукут сақламоқдалар.

Шундай бир вазиятда қирғизистонлик оддий одамлар вазиятнинг ўнгланиб кетишига ишонишадими? Қирғизистонда кечган этник низолар қайталанмаслиги учун нима қилиниши керак? Би-би-си ушбу саволлар билан Қорасув шаҳрилик таниқли имом Рашод қори Камоловни суҳбатга тортган.