Қирғизистон муваққат мудофаа вазири сайловда иштирок этиш учун истеъфо берди

Исмоил Исоқов
Image caption Жалолободдаги фавқулодда ҳолат ва комендантлик соатлари ижроси бевосита Исмоил Исоқовнинг раҳбарлиги остида амалга оширилган

Қирғизистон Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Исмоил Исоқов айни вазифасини топшираётгани ҳақида 20 июл куни берган матбуот анжуманида эълон қилган.

У мазкур қарорини 10 октябрга режаланган парламент сайловларида иштирок этиш нияти билан изоҳлаган.

Исмоил Исоқов ўз истеъфоси ҳақидаги аризасини Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти Роза Ўтинбоевага аллақачон топширганини айтган.

У муваққат мудофаа вазири вазифасига ўзининг ўринбосари сифатида фаолият олиб борган Кубанчбек Ўрузбаевни тайинлашни маслаҳат берган.

Айни пайтда у ўз истеъфосини эълон қилган матбуот анжуманида ОХҲТ полиция кучларини Қирғизистон жанубида жойлаштирилишига қарши эканини билдирган.

Генерал Исмоил Исоқов 7 апрелда президент Қурманбек Бакиев қудратдан кетказилганидан кейин Қирғизистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири вазифасини бажарган.

Май ойи ўрталарида уч инсон ўлимига сабаб бўлган Жалолобод ҳодисалари бошланганидан кейин Исмоил Исоқов вазиятни барқарорлаштириш мақсадида у ерга борган эди.

Жалолободдаги фавқулодда ҳолат ва комендантлик соатлари ижроси бевосита унинг раҳбарлиги остида амалга оширилган.

Июн ойидаги Ўш ва Жалолободдаги қонли ҳодисалар бошланганидан кейин Исмоил Исоқов муваққат ҳукуматнинг жануб бўйича махсус вакили бўлган.

Исмоил Исақов 2005 йилги "Лола инқилоби"дан сўнг Қирғизистон Мудофаа вазири этиб тайинланган ва бу лавозимда 2008 йилгача фаолият олиб борган.

2008 йилнинг май ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби этиб тайинланган Исақов ўша йилнинг октябр ойида президент Бакиев сиёсатига норозилик билдириб, истеъфо берган ва Қирғизистон мухолифатига қўшилган.

Бишкек ҳарбий суди мамлакат собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақовни ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилганлик ва коррупцияда айблаб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Собиқ президент Бакиев қудратдан кеткизиларкан, генерал Исмоил Исоқов қамоқдан озод қилиниб, муваққат Мудофаа вазири сифатида тайинланганди.