БМТ: Қирғиз расмийлари ноқонуний ҳибсларга кўз юмаяпти

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Неви Пиллай Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан инсон ҳуқуқлари поймол этаётганини қоралади.

Неви Пиллай эълон қилган баёнотда айтилишича, Қирғизистон хавфсизлик кучлари мамлакат жанубида қийноқ қўллаш ва ўзбошимча ҳибсга олиш сингари инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини такрор-такрор содир этмоқдалар.

Пиллай хоним бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий комиссарлиги кўплаб маълумотлар олаётганини билдирган.

"Кўп сондаги инсонлар - уларнинг аксари ёш йигитлар, ташқи кўринишидан ўзбеклар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганлар. Бу нарса аниқ этник нохолисликнигина эмас, Қирғиз ҳамда халқаро қонунчиликнинг фундаментал асослари поймол этилаётганини намойиш этади", дейилади БМТнинг инсон ҳақлари комиссарлиги раҳбари баёнотида.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Неви Пиллайга кўра, июн ойидаги қонли ҳодисаларга алоқадорлик важи билан аксар ўзбекларга ноқонуний муомала қилинаётгани ҳолларига қарши Қирғизистон расмийлари чора кўрмаяптилар.

"Қирғизистондаги ходимларимиз маҳаллий расмийларнинг ноқонуний ҳибслар, айбга иқрор бўлишга етаклайдиган ноқонуний муомалаларга нисбатан мунтазам кўз юмиб келаётганлари ҳақида ахборот олмоқдалар", деган Пиллай хоним.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Неви Пиллай, июн ойидаги қонли ҳодисалардан кейин ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида ишончсизлик юзага келганини назарда тутаркан, Қирғиз махсус хизматларининг бундай ноқонуний амаллари ўртадаги муомалалар яхшиланишига хизмат қилмаслигини урғулаган.

Пиллай хоним эълон қилган баёнотида бундай ҳаракатлар "мўрт тинчликни ва қонун устуворлигини ўрнатишга" халақит қилишини айтади.

Шу пайтгача маҳаллий ва инсон ҳуқуқлари фаоллари юзлаб инсонлар ҳибсга олингани ҳақида хабар беришган бўлса, охирги кунлардаги ҳибсларни ҳам инобатга олиб ва ўзларининг Қирғизистондаги ходимлари ва манбаларига, маҳаллий ва халқаро ташкилотларга таяниб ҳамда гувоҳларга асосланиб, БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги Ўш ва Жалолободда зўравонликлар ортидан 1000 дан зиёд ҳибсга олинганини маълум қилади.

"Кўп сондаги инсонлар - уларнинг аксари ёш йигитлар, ташқи кўринишидан ўзбеклар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганлар. Бу нарса аниқ этник нохолисликнигина эмас, Қирғиз ҳамда халқаро қонунчиликнинг фундаментал асослари поймол этилаётганини намойиш этади", дейилади БМТ инсон ҳақлари комиссари баёнотида.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг баёноти эълон қилиниши ортидан комиссар сўзчиси Руперт Колвилл Қирғизистондаги охирги қийноқ ҳоллари вазиятини ҳам изоҳлади.

Хайрулло Омонбоев ўлими, Қирғизистон мадҳияси ва қийноқлар

Руперт Колвил ҳибсдалиги пайтида қийноқлар туфайли бир инсон ҳалок бўлганига тўхталди.

Бу Хюман Райтс Уотч ташкилоти қайд этган 20 ёшли Хайрулло Омонбоев ўлими ҳодисаси.

Хюман Райтс Уотч Хайрулло Омонбоевнинг 30 июн куни ҳибсга олинганини, эртаси куни унинг яқинларига Хайруллонинг Ўш шаҳар милицияси биносининг иккинчи қаватидаги деразадан йиқилиб тушганини айтишган.

Ўш шифохонасидагилар Хайрулло Омонбоевнинг беҳуш ҳолатда келтирилганини маълум қилишган, 12 июл куни у ҳаётдан кўз юмган.

Хайрулло Омонбоевнинг қариндошлари унинг ўлими борасида ҳам шикоят қилишдан қўрқишаётганини билдирган Human Rights Watch.

БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссарлиги ҳибсда сақланаётган ўзбек миллатига мансуб инсонларнинг тирноқлари суғуриб олингани, тирноқ остига ўткир буюмлар суқилаётгани, нафасни бўғиб, сигарет билан гумондор бадани куйдирилаётгани ҳақида хабарлар олаётганини маълум қилади.

Руперт Колвил айтишича, Қирғизистон мадҳиясини куйлашга мажбур қилиш, гимнни тўғри айтмагани учун ёки Қирғиз сўзларини ўзбекча талаффуз билан айтгани учун калтаклаш, тепиш ҳоллари кузатилаяпти.

"Қийноқ қурбонлари ва уларнинг яқинлари расмийларнинг ноқонуний амалларидан шикоят қилишдан қўрқмоқдалар".

"Биз ўз хавотиримизни Қирғиз расмийларига етказмоқдамиз, расмийлар бундай ҳодисалар юз бермаслиги лозимлигини эътироф этишмоқда, бироқ биз деярли ҳар куни улар билан мулоқотда бўлиб турибмиз", деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари сўзчиси.

Бундан олдин халқаро Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистон жанубида ўзбек миллатига мансуб инсонларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қонунга зид муносабат қилинаётгани, қийноқлар оқибатида камида бир инсон ҳалок бўлгани ҳақида баёнот эълон қилган эди.

Бишкекда муваққат ҳукумат раҳбарлари билан учрашган АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Майкл Макфол ўзбеклар ҳуқуқларига риоя этилиши муҳимлигини урғулаганини маълум қилган.

Қирғизистонлик маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари июл ойи бошида Ўш шаҳрида юз нафар атрофида ўзбек миллатига мансуб кишилар ҳибсга олинганини кўришганини, бу инсонлар ўзларига қандай айб қўйилганини билмасликлари, уларнинг адвокат билан учрашишларига изн берилмаётгани ҳақида хабар беришган.

Қирғиз расмийлари шу кеча-кундузгача неча кишини ҳибсга олишгани ҳақида маълумот беришгани йўқ, гумондорларга қийноқ ва ноқонуний муносабат қўлланаётгани ҳақидаги баёнотларга нисбатан сукут сақламоқдалар.