'Қирғиз ҳукумати инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини яхши билади'

2010 йил 21 июн. Ўш яқинидаги Наримон қишлоғи

Қирғиз расмийларининг ўзбошимча ҳибс ва қийноқлар даъволарини рад этганига жавобан Human Rights Watch ташкилоти билдиришича, шикоятлар мулозимларга расман тақдим этилган.

21 июл куни Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат жанубидаги амалиётлар чоғида асосан ўзбекларнинг ҳибсга олинаётгани ва қийноққа солинаётгани ҳақидаги даъволарни рад этиб баёнот эълон қилди.

Баёнотда айтилишича, ҳозирга қадар фуқаролардан бу борада ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.

Қирғиз Ички ишлар вазирлиги Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти келтирган ўлим ҳолатларидан бирида маҳбуснинг қийноқлар эмас, балки шунчаки қоқилиб йиқилиб тушганини айтган.

Кеча Human Rights Watch ўзбекларга қарши ноқонуний ҳибсга олишлар ва қийноққа солишларнинг давом этаётганини айтиб, Қирғиз ҳукуматини ўзбек озчилигини ҳимоя қилишга чақирганди.

Human Rights Watch Ўш шаҳридаги этник ўзбекларни нишонга олиш дарҳол тўхтатилишини талаб қилган.

Би-би-си Human Rights Watchнинг аввалроқ Ўшда бўлган тадқиқотчиси Анна Нейстат билан боғланиб, Қирғиз томонининг баёнотига муносабатини сўради.

Анна Нейстат: Биринчидан, уларнинг ҳеч қандай шикоят олмадик, деган баёнотлари нотўғри. Менинг ўзим иккита шикоятни Ўшдаги прокурорларга ўз қўлим билан топширдим. Тўғри, қийноққа солинганлар ва уларнинг яқинлари шикоят қилишнинг оқибатларидан қўрқишади ва бу каби ҳолатлар ҳақида расмийларга хабар беришмайди. Биз Ўш шаҳрида прокурорлар билан учрашган пайтимиз улар ҳибсхоналарга боришганини айтишди. Демак, бу каби ҳолатлардан уларнинг яхши хабарлари бўлиши керак. Прокурорлар қийноқ белгиларини кўрмаган бўлишлари мумкин эмас. Халқаро қонунчиликка мувофиқ, агар прокурорлар инсон ҳуқуқлари поймол этилишининг аниқ-тайин ҳолатларини кўриб туришган бўлса, қурбонлар ёки гувоҳларнинг кўрсатма беришларига муҳтож эмаслар. Масалан, улар ёқиб юборилган машинани кўришди дейлик. Улар шу ондаёқ жиноят иши очишади. Бунинг учун бировнинг чиқиб, менинг машинамни ёқиб юборди, деб даъво қилишига ҳожат йўқ.

Би-би-си: Сиз ҳибсдагилар қийноққа солинган иккита ҳолатни ҳужжатлаштириб, расмийларга тақдим этдик, дедингиз. Тафсилотларини бера оласизми?

Анна Нейстат: Бу икки ҳолатда қийноққа солинганларнинг яқинлари ўзлари хабар беришга қўрқиб, биздан Қирғизистон Бош прокуратурасига бирга мурожаат қилишни сўрашган. Биринчиси - 20 ёшли Хайрулло Омонбоевнинг иши. У 30 июн куни ҳибсга олинган ва кўп ўтмай, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан жиддий жароҳатлар билан шифохонага келтирилган. Ўн кун ҳушсиз ётганидан сўнг оламдан ўтган. Расмийларнинг у деразадан тушиб кетиб, ўлган, деган даъволари у олган жароҳатларга тўғри келмайди. Шифокорлар унинг ҳеч қаери синмагани, балки боши ва оёғида жароҳатлар бўлганини тасдиқлашган.

Би-би-си: Шифокорлар унинг ўлими қийноқлар натижаси эканини ҳам тасдиқлашганми?

Анна Нейстат: Йўқ. Шифокорлар бунинг қийноқ натижаси эканини ҳеч қачон тасдиқлашмаган. Шифокорлар бунга журъат қилишмайди. Чунки улар ҳам жуда ҳам катта босим остидалар. Докторлар шифохонага олиб келинган пайт, унинг баданида биронта ҳам синган жой бўлмаганини тасдиқлашган. Агар у расмийлар айтаётганидай, деразадан ё бошқа жойдан тушиб кетганида, албатта бир жойи синган бўлар эди. Шифохонага келтирилган пайт унинг бадани калтаклардан моматалоқ бўлиб кетганини кўрган гувоҳлар бор. Ички ишлар вазири Кубатбек Бойболовнинг шахсан ўзи бизга Хайрулло Омонбоевнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатни текширишни ўз назорати остига олганини айтди. Аммо ҳозиргача жиддий текширув бошлангани ҳақида бизда маълумот йўқ.

Би-би-си: Айрим қирғиз фаоллари ва оддий қирғизлар Human Rights Watchни бир томонлама текширув, яъни фақат ўзбекларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги даъволарни текшириб, қирғизларнинг ҳуқуқларини беэътибор қолдираётганликда айблашмоқда. Бугун бир гуруҳ қирғиз намойишчилари сизнинг ташкилотингизни халқаро текширувга қўймасликни талаб қилиб чиқишган. Бунга нима дейсиз?

Анна Нейстат: Авваламбор, шуни айтишим керакки, Human Rights Watch ҳозиргача ўзининг мустақил текширувини олиб бораяпти ва бизнинг ташкилотимиз халқаро комиссия таркибига кирадими-йўқми, мен бу ҳақда бир нарса деёлмайман. Бизни нохолисликда айблаётган одамларга мен бу каби даъволарни қилишдан аввал бизнинг ҳисоботимизни ўқишни маслаҳат бераман. Биз қирғиз маҳаллаларига бориб, қирғиз фаоллари ва қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга, ўзбеклардан жабр кўрган қирғизларнинг ҳикояларини ёзиб олдик, уларни ҳужжатлаштирдик. Биз яна қирғиз маҳаллаларида юриб, қирғиз милицияси томонидан ҳибсга олиниб, қийноқ ёки бошқа ноинсоний муаммоаларга дучор бўлган қирғиз гумондорларини қидирдик. Ҳозиргача биронта ҳолатни тополмадик. Бу - бундай қирғизлар умуман йўқ, дегани эмас. Аммо биз ҳозиргача ҳибсга олишларда асосан ўзбеклар нишонга олинаётганини айтаяпмиз. Биз Ўш шаҳри атрофидаги камида учта, асосан қирғизлар яшайдиган ҳудудлар- Олой, Қора ғулча ва Мадига бориб, у ердаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан қанча қирғиз ҳибсга олинганини сўрадик. Улар биронта ҳам қирғиз ҳибсга олинмагани ва сўроқ қилинмаётганини айтишди. Ваҳоланки, июн воқеаларида кўпчилик қирғизлар худди ана шу минтақалардан келгани айтилган. Бу эса биз учун жуда ҳам жиддий ишора.