Ўзбекистон Тожикистон вагонларини ўтказа бошлашини маълум қилди

Image caption Тожикистон расмийларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 1 минг 157 та юк вагоналари ушланиб турибди.

Тожикистон "Роҳи оҳан" темир йуллар ширкати раҳбари Ҳукуматулло Омонуллога кўра, Ўзбекистонлик ҳамкасблари 21 июлдан бошлаб тожик вагонларини босқичма-босқич ўтказа бошлашларини маълум қилдилар.

Жаноб Омонуллонинг айтиича, Ўзбекистонлик расмийлар тожик вагонларининг ушланиб қолишига эндиликда ҳеч қандай сабаб йўқ, деб айтишган.

"Тожикистон бугундан бошлаб барча йўналишлар бўйича вагонларни тўлиқ равишда қабул қилиб олиши мумкин", - деб айтди Тожикистон Темир йўллари ширкати раҳбари.

Тожикистон расмийларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 1 минг 157 та юк вагоналари ушланиб турибди.

Улардан 1 минг 17 таси Душанбе ва 140 таси Хатлон йўналиши бўйлаб етказилиши керак.

Тожикистон Темир йўллари мулозимларининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, тожик вагонларининг Ўзбекистонда ушланиб колинишидан кўрилган зарар 10 миллион доллар атрофидадир.

Тожикистон Темир йўллари ширкати раҳбари ўринбосари Владимир Собкаловнинг маълум килишича, вагонларнинг ушланиб қолиниши ортидан ширкат номига юк қабул қилувчилардан 200дан ортиқ норозилик аризаси келиб тушган.

"Уларни милиция ва прокуратура ходимлари иштирокидаги махсус комиссия ўрганмокда",- деди жаноб Собкалов.

У божхона қоидаларида божхона кўриги учун юклар 10 кундан ортиқ сақланмаслиги лозим, деб аниқ-таниқ ёзилганлигини таъкидлади.

Жаноб Собкалов шунингдек, юк қабул қилувчиларнинг аризалари Тожикистон Ташки Ишлар Вазирлиги орқали Ўзбекистонга етказилганлигини ҳам айтди.

Тожик расмийлари жорий йилнинг феврал ойидан бошлаб вагонлари асоссиз тарзда Ўзбекистон ҳудудида ушланиб келинаётганлигини урғулашади.

Бир қатор кузатувчилар бу ҳолатни Роғун ГЭС қурилиши бошланиши билан боғлик босим сифатида ҳам талқин этишган.

Ўзбекистон Темир Йўллари ширкати расмийлари эса вагонларнинг ушланиб қолишига сабаб темир йўллар тизимидаги тиғизлик, дея изоҳ бергандилар.