Чегара билмас шифокорлар: 'ҳар бир ярадор ўзбекни жангари деб кўришаяпти'

Халқаро "Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти эълон қилишича, Қирғизистон жанубида қонли ҳодисалар пайти жароҳатланган этник ўзбекларга тиббий муолажа рад этилаяпти, ярадор инсонни жангари сифатида ҳибсга олмоқдалар.

"Чегара билмас шифокорлар" ташкилотига кўра, Ўш шаҳридаги этник ўзбеклар истиқомат қиладиган жойларга Қирғиз полицияси "жуда яхши ташкиллаштирилган рейдлар" қилмоқда.

"Рейдларни полиция амалга оширмоқда, улар ярадор ўзбек жангариларини қидираяпти. Қуролланган қўшинлар ўзбек маҳаллаларига тунда, баъзан кундузи ҳам киришаяпти. Эшикма-эшик юриб, уйларни қидиришаяпти. Улар учун жароҳатланган ҳар бир шахс жангари ҳисобланади", деб айтган "Чегара билмас шифокорлар" мувофиқлаштирувчиси Андрей Славукич "Франс Пресс" ахборот агентлиги мухбирига.

"Чегара билмас шифокорлар" ходимлари Ўшдаги ўзбек маҳалларида бундай рейдларни ўз кўзлари билан кўрганликларини билдиришган.

Халқаро ташкилот вакилларига кўра, жароҳатланган инсонларнинг қариндошлари бундай кишиларни Қирғиз хавфсизлик кучлари олиб кетиб ҳибсга олмасликлари учун яширишга ҳаракат қилишмоқда.

"Чегара билмас шифокорлар" ходимларидан бирининг айтишича, полиция "ярадор инсонларни "Тез ёрдам" машинаси сифатида ишлатилаётган мобил қамоқхоналарда сақлаётган ҳоллари бор".

Халқаро ташкилотдан билдиришларича, жароҳатланган ўзбеклар тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишдан ҳам воз кечаяптилар, сабаби "қуролланган аскарлар шифохонадаги мижозларга таҳдид қилмоқдалар ва тиббиёт муассасасидаги беморлар рўйхатини текшириб юрганлар бор".

Шифохонада бўлган инсонларнинг ҳам калтаклангани ҳолатлари аниқланган.

"Чегара билмас шифокорлар" охирги тўрт ҳафта мобайнида 51 беморнинг дўппослангани, беш киши қийноққа тутилгани ҳақида даъво қилганини маълум қилган.

"Чегара билмас шифокорлар" Қирғизистоннинг чекланган ҳудудида фаолият олиб боради ва бу нарса зўравонликлар миқёсини кўрсатади", дейилади ташкилот эълон қилган баёнотда.

"Чегара билмас шифокорлар" ҳар бир инсоннинг тиббий хизматдан фойдаланишига имконият яратишга чақирган.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас