Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевнинг укаси қўлга олинди

Аҳмад Бакиев
Image caption Аҳмад Бакиев Қирғизистон жанубида кечган қонли ҳодисаларни ташкиллаштирганлиги гумон қилинади

Қирғизистон расмийларига кўра, Қурмонбек Бакиевнинг укаси Аҳмад Бакиев махсус амалиёт чоғи ҳибс қилинган.

Жалол-Обод комендантлик идорасининг матбуотга маълум қилишича, Ички ишлар вазирлигининг Қирғизистон жанубида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ташкиллаштирилган махсус амалиёт маҳаллий вақт билан 21 июл кечаси ниҳоя топган.

Айтилишича, Аҳмад Бакиев Жалол-Обод марказидаги кўпқаватли бинолардан бирида қўлга олинган. Энди у Бишкекка жўнатилиши хабар қилинади.

24.kg хабар агентлигининг амалиётга бошчилик қилган Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Мелис Турганбаевдан иқтибос келтиришича, Аҳмад Бакиевда қурол бўлган, аммо қаршилик кўрсатмаган. Қурол-яроғлар мусодара қилинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мулозимлари, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораси Ўш ва Жалолободдаги қонли ҳодисалардан олдинроқ МДҲ ва Интерпол орқали қудратдан ағдарилган Президент Қурмонбек Бакиев ва яна 36 шахс қидирилаётганини эълон қилишганди.

Мазкур инсонлар Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги, молия полицияси ва Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан изланаётганди.

Шу билан бирга расмийлар қидирувда бўлган шахсларга оид маълумотлар учун пул мукофотлари ҳам эълон қилинган.

Муваққат ҳукумат халқаро миқёсда эълон қилган қидирув қудратдан четлатилган ҳукумат бошлиғи, унинг оила аъзолари ва сафдошлари лавозимларини суиистеъмол қилганлар деган айбловлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилгани билан изоҳланганди.

Бугунда Аҳмад Бакиев Қирғизистон жанубида ўтган ой кечган зўравонликларни ташкиллаштирганликда ҳам айбланади.

Полициянинг айтишича, у Ўш ва Жалол-Обод ҳодисаларида алоқаси борлигига иқрор бўлган.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Кубатбек Бойболовнинг маҳаллий журналистларга айтишича, Аҳмад Бакиев билан бирга унинг бир неча ҳамкорлари ҳам қўлга олинган.

Қудратдан четлатилган Қурмонбек Бакиевнинг ўзи Беларусдан бошпана топган.