Инсонларни ўзига жалб этаётган Ёқутистон олмосларими?

Би-би-си Ўзбек хизмати Россиянинг Ёқутистонидаги Марказий Осиё меҳнат муҳожирларига бағишланган мултимедиа дастурларини радио ва BBCUZBEK.COM веб-саҳифасида бошламоқда.

26 июлдан рўзғор тебратиш илинжида сарсон-саргардон юрган марказий осиёликлар Ёқутистоннинг олмос саноатидаги қийин шароитларга қандай мослашаётганларига бағишланган махсус дастурлар, мултимедиа лавҳалар ва фотосуратларни эълон қилишни бошлаймиз.

Охирги йилларда Россиянинг олмос ишлаб чиқариш саноати маркази ҳисобланган Якутск шаҳри Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирларини ўзига тобора кўп жалб этмоқда.

Улар абадий музлик шароитида қурилиш иншоотларида ҳаво ҳарорати минус 50 ка тушганда ҳам ишлашга мажбурлар.

Мигрантларнинг маошларисиз юртларида қолиб кетган оилаларининг тирикчилиги оғирлашади.

Якутск шаҳрига етиб бориш мақсадида тўққиз вақт зонасини кесиб ўтган лавҳалар туркуми муаллифларидан Дилором Иброҳим шундай дейди: “Сўнгги ўн йил мобайнида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари Россиядаги арзон меҳнат кучининг асосий манбасига айланганлар. Дарҳақиқат, Ёқутистонда иш топиш имкониятлари Марказий Осиё, ҳаттоки Россиянинг бошқа ҳудудларига солиштирганда ҳам кўп. Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида яшаётган аҳоли олис Якутск шаҳридан юборилган маблағлар эвазига кун кечираяпти. Бу жойлардаги шароит ҳатто Сибир андозалари билан солиштирганда ҳам ўта оғир. У ерда инфраструктура ривожланмагани боис, иқлим ва маданияти бошқа бўлган марказий осиёлик муҳожирларнинг мослашув жараёни қийин ўтади. Биз лавҳаларимизда одамлар қандай азоб-уқубатларни ўз бошларидан кечираётганлари ва ўз оилаларини боқиш учун қандай машаққатлардан ўтаётганларига назар ташлаймиз.”

Узоқ Шимолдаги марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳақидаги лавҳалар Би-би-си Жаҳон хизматининг инглиз, рус ва қирғиз тилларида ҳам радио ва интернетда ёритилади.