Толибон: 'америка аскарларидан бири ўлдирилди'

Image caption АҚШ ҳарбийлари йўқолган аскарлар учун пул муокофоти ваъда қилишган

Афгонистондаги Толибон америкалик аскарлардан бирини қўлга олиш чоғида ўлдиргани, иккинчисини эса гаровда ушлаб турганини айтган.

Афғонистон шарқидаги Лоғар вилояти расмийлари Толибон қўлига тушгани айтилган икки америкалик аскар қаерда ушлаб турилганини билишларини айтишган.

Толибон аскарлардан бирини ўлдирганини айтган.

Қабила оқсоқоллари аскарларни озод қилиш бўйича музокараларга жалб қилинганлар.

Икки аскар жума куни харбий жамлоқдан чиқиб кетишлари ортидан бедарак йўқолганди.

Уларни қидиришга тушган НАТО қўшинлари аскарлар хайдаб чиққан автомобилни топган.

Хавфли ҳудуд

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Девид Лойннинг айтишича, бу каби воқеа Афғонистон учун ғайриоддийдир.

Одатда АҚШ аскарлари кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ҳаракат қиладилар.

Икки америкалик аскарнинг бедарак йўқолгани бир неча соатдан сўнг эълон қилиниши бу икковлон қандайдир якка режаланмаган миссияга чиққанларига ишора қилган.

АҚШ расмийлари аскарлар бедарак йўқолганидан ташқари, бошқа тафсилотларни бермаяпти.

Бироқ Кобул жанубига чегарадош Лоғар вилояти ҳокимининг айтишича, икки аскар Толибон назорати остида экани маълум бўлган ҳудудга огоҳлантиришларга қарамай, кириб борган.

Ўзаро отишма ортидан улар қўлга олинган.

Америка ҳарбийлари маҳаллий радио орқали чиқиш қилиб, аскарларнинг қайтарилиши эвазига пул мукофоти таклиф қилганлар.

Тасдиқланмаган хабарга биноан, икки аскардан бири ўлдирилган.

Афғонистоннинг бошқа худудида беш АҚШ аскари ўлдирилган.

Бу 2001 йил бошланган ишғол давомидаги энг талофотли ёз мавсуми бўлмоқда.