ОХҲТнинг Қирғизистонга кучларни киритиш қароридан воз кечиш нияти йўқ

Image caption Халқаро полиция кучларининг асосий вазифасидан бири халқ орасида маҳаллий милицияга бўлган ишончни қайта тиклашдир

Қирғизистонга халқаро полиция кучларининг киритилишига қарши норозилик чиқишлари биринчи маротаба рўй бераётгани йўқ. Бу каби чиқишлар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раҳбарияти томонидан не қадар инобатга олинмоқда ва, умуман, ташкилотни хавотирга соладими? Ушбу саволлар билан Би-би-си ташкилотнинг Венадаги қароргоҳида жойлашган ОХҲТ матбуот котиби ўринбосари Фрейн Мароувичга мурожаат қилди.

Мароувич: Биз бу норозиик чиқишларидан хабардормиз. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳамма хавотирларни назарга олади. Лекин, мен шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, ўтган ҳафта минтақага юбориш ҳақида қарор берилган полиция маслаҳат кучлари қуролланмаган ва улар ижро қудратига эга бўлмайди. Улар фақатгина Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлигининг маҳаллий бўлинмалари ва жамоалар ўртасида ўзаро ишончни тиклаш йўлида ишлайдилар.

Би-би-си: Лекин, маҳаллий аҳолининг баъзи вакиллари халқаро полициячиларнинг келишидан барибир норози кўринадилар?

Мароувич: Фикримча, биз маҳаллий аҳоли билан яқинроқ мулоқотда бўлиб, халқаро полициячиларнинг асосий вазифалари нималардан иборат эканлиги ҳақида кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳозирда қарор қабул қилинган экан, биз бу борада ишларни олиб боришимиз мумкин, деб ўйлайман. Бу кучлар фақатгина Қирғиз ҳукуматининг расмий таклифномаси асосида жойлаштирилмоқда. Ташкилот бу борада бир томонлама қарор қабул қилолмайди. Қирғизистон ОХҲТга аъзо 56 давлатдан биридир. Қирғизистон вакили пайшанба куни бу борада овоз берилган вақтда уни қўллаб-қувватлади. Биз Қирғизистон ҳукумати билан уларнинг таклифига биноан, қабул қилинган қарор борасида яқиндан ишламоқдамиз.

Би-би-си: Намойишчилар халқаро плициячилар маҳаллий менталитет, дунёқарашни билмайдилар, тушунмайдилар, анъаналарга қарши ҳаракат қилишлари мумкин деган хавотирларни айтишибди, полициячиларни ана шу йуналишда тайёрлаш учун чоралар кўрилмоқдами?

Мароувич: Ҳа албатта, масалан, маҳаллий тилни ёда рус тилини билганлар, Қирғизистондаги вазиятдан хабардор бўлганлар ёллаш жараёнида имтиёзга эга бўладилар. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бир неча йилдан буён Қирғизистонда иш юритиб келади. Бизнинг Бишкек ва Ўшда ваколатхоналаримиз бор, Хуллас, бизда Қирғизистондаги вазият ҳақида батафсил маълумот бор. Хорижий полициячилар у ерга етиб боргандан кейин маҳаллий жамоа, расмийлар ва матбуот билан яхши алоқаларга эга бўлишлари йўлида ҳам ҳаракат қилинади.

Би-би-си: Намойишчилар "бизга иккинчи Косово керак эмас" деган нуқтаи назарни ҳам айтишибди, уларнинг бу хавотири не қадар асосли деб ўйлайсиз?

Мароувич: Менимча, бу каби нуқтаи назар полиция маслаҳат кучларининг вазифасини тўлиқ англаб етмаганликдан келиб чиқмокда. Қарор атиги бир неча кун аввал берилди, ҳозирда энди биз бу қарорнинг моҳияти в ҳали айтганимдек, уларнинг вазифаларини тўлиқ тушунтириш йўлида иш олиб боришимиз керак. Уларнинг вазифаси эса амалиётларни бажариш эмас, балки маҳаллий милицияга маслаҳатлар бериб, ўтган ойдаги зўравонликлар мобайнида йўқотилган ўзаро ишончни қайта тиклашга ҳаракат қилишдан иборат булади.

Би-би-си: Баъзи хабар агентликлари ташкилот вакили норози намойишчиларга полция кучларини юбориш ҳақидаги қарор қайта кўриб чиқилиши ммукинлигини айтгани ҳақида хабар бермоқдалар, ҳақиқитан ҳам шундай ваъда берилганми?

Мароувич: Йўқ, ташкилотимиз вакилининг сўзлари нотўғри талқин қилинган. Ташкилот ҳамма хавотирларни назарга олади, шундай экан намойишчиларнинг талаблари Венадаги қароргоҳга жўнатилган ва аъзо давлатлар вакилларига ҳам жўнатилади. Қарорга келсак, айтганимдек, қарор Қирғизистон ҳукуматининг аниқ таклифи ва дастаги асосида кабул килинган.

Би-би-си: Бу каби намойишлар биринчи марта ўтказилаётгани йўқ, бу ҳолат сизларни не қадар хавотирга солади?

Мароувич: Албатта, бу бизни хавотирга солади, биз бошқаларнинг хавотирларини ҳам инобатга оламиз. Биз ҳамманинг ушбу полициячилар мандатидан тўлиқ хабардор бўлишларига харакат қиламиз. Яъни улар етиб борганлардан сўнг нималар қила оладилару, нималар қила олмайдилар, ана шу ҳақда тўлиқ маълумот беришга харакат қиламиз.