БМТ Ўшни қайта қуриш режасидан хавотирда

Image caption Ўшни қайта қуриш режаси ўзбекларнинг анъанавий турмуш тарзини ҳисобга олмаётгани танқид қилинади

Ўтган ой зўравонликлардан катта зарар кўрган Ўш шаҳрининг қайта қурилиши Бишкекда ўтаётган халқаро донорлар анжумани кун тартибида юқори ўрин тутади.

Қирғизистон бир миллиард доллардан кўпроқ ёрдам пули сўрамоқда. Аммо, айни дамда қирғиз ҳукуматининг Ўшни қайта қуришга ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилишга қанчалар бел боғлагани савол остига олинмоқда.

Би-би-си мухбири қўлига тушган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мактубида қирғиз президентидан Ўшни қайта қуриш ўзбек озчили ҳисобидан амалга оширилмаслиги кераклиги айтилади.

Мактубда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевага Ўш шаҳрини қайта қуриш бўйича ҳукумат режалари борасида хавотир изҳор қилади.

Мактубда айтилишича, ўтган ойги этник тўқнашувлар асосан этник ўзбек озчилигига таъсир қилди, ҳамда ҳукуматнинг янги уй-жой қуриш учун ўзбекларни кўчириш режалари ўзбек аҳолининг ишончига яна путур етказиши мумкин.

Зўравонликлар чоғида икки ярим мингдан ошиқ уйлар вайрон қилинган, ва бу уйларнинг аксари ўзбекларга тегишли бўлган.

Уларнинг кўпчилиги ҳозирда вайрон бўлган ҳовлиларида тикланган чодирларда яшашмоқда ёки қариндошларининг уйларидан бошпана топишган.

Хароб бўлган ҳудудларда қирғиз ҳукумати ҳовлилар ўрнига кўп қаватли уйлар қуришни режалаган.

Режани амалга ошириш топширилган расмийлар бу ҳудуддаги аҳоли вакилларига уй-жойи эвазига товон, ё янги турар жойлардан хонадон, ёки бошқа ҳудудга кўчиш таклиф этилишини билдирганлар.

Бироқ, уларнинг кўпчилиги ўз кўчмас мулкига эгалигини исботловчи хужжатлар ва паспортларини йўқотганлар ва товон олишда муаммоларга юз тутишмоқда.

Ўш шаҳри аҳолисининг 70 фоизи зич жойлашган маҳаллалардаги бир қаватли ҳовлиларда яшаб келган.

Танқидчилар фикрида, ҳукуматнинг қайта қуриш режалари шундоқ ҳам қонли воқеалардан руҳи чўккан ўзбек аҳолининг анъанавий турмуш тарзини барбод қилади.