Бирлашган Миллатлар фотомухбири: инсонлар руҳий мададга зор

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси фотомухбири Уилям Дэниелснинг Қирғизистон жанубига сафари фотоҳисоботини эълон қилган.

Олдин ҳам Қирғизистон бўйлаб кўп саёҳат қилган Дэниелс бу гал мамлакат жанубида икки ҳафта бўлган.

Уилям Дэниелс хунрезликларни бошидан кечирган инсонларнинг, ўз бошпанасидан айрилиб қочқинга айланган ўзбекларнинг жуда кўп нарсага муҳтож эканларига эътибор қаратишни истайди.

"Уларга жуда ҳам кўп ёрдам керак. Улар тоза ичимлик сувига, егуликка, ухлайдиган жойга муҳтожлар. Улар ўзининг дилини ёришга ҳамдард истайдилар - уларга руҳий мадад зарур. Улар жуда ҳам ларзага тушганлар. Юз берган ҳодисалар уларга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилган", дейди Уилям Дэниелс.

Фотомухбир ўзининг кўрганларини фотокамерага муҳрлаш қийин бўлганини айтган.

"Аёллар ўзларини йиғидан тўхтата олмайдилар. Аёллар бедарак кетган турмуш ўртоқлари ҳақида гапиришади, уйларининг куйиб кул бўлганини айтиб беришади. Менга баъзи жинсий зўрлаш ҳодисаларини гапириб беришди", дейди Уилям Дэниелс.

Уилям Дэниелс Ўзбекистон чегарасига ўн километрча яқин бўлган қишлоқлардан бирига борган.

"Одамлар чегарадан ўтмоқчи бўлишган, бироқ ўтолмаганлар. Шу қишлоқда қолиб кетганлар. Мен бир уйда 200 тача инсон яшаётганини кўрдим. Уларнинг аксари аёллар ва болалар. Улар ёрдам кутаяптилар", дейди фотомухбир.

Июн ойининг 10-санасида бошланган хунрезликлардан қочиб 400 минг атрофида инсон ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетдилар.

Ўш ва Жалолобод вилоятларидан Ўзбекистон ҳудудига 100 минг атрофида ўзбек қочқинлари ўтдилар.

Қирғизистондаги референдум арафасида Ўзбекистондаги қочқинлар ортга қайтарилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, бугунги кунда 75 минг инсон бежой бўлган.

Қонли ҳодисалардан жабр кўрган инсонларга зарур гигиена жиҳозлари, катталар ва болалар кийимлари, дори-дармон ва тиббиёт воситалари етказиб бераётганини хабар қилган БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси Уилям Дэниелс фотосуратлари асосида аудио-слайд шоу тайёрлаган.

Уилям Дэниелс фотосуратлари асосидаги аудио-слайд шоу