Афғонистондаги автобус портлашида камида 25 киши ҳалок бўлган

Image caption Йўл четига ўрнатилган бомба Толибоннинг асосий қуроли ҳисобланади

Афғонистон шимоли-ғарбида йўловчилар билан лиқ тўла автобуснинг портлаши оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлган, 20дан ортиқ одам яраланган.

Нимрўз вилоят ҳокими Ғулом Дастгир Озоднинг билдиришича, автобус Нимрўзни пойтахт Кобул билан боғловчи асосий йўлда йўл четига ўрнатилган бомбага дуч келган.

Ҳодиса юз берган вақт минтақада Нато кучлари бўлган-бўлмагани номаълум.

Толибон портлаш юзасидан ҳеч қандай баёнот қилмаган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мулозимининг Би-би-сига айтишича, ҳодиса жойига хавфсизлик кучлари ва тез ёрдам машиналари юборилган, улар ўликлар ва ярадорларни Кобулга олиб келишади.

Нимрўз вилоят ҳокимлиги мулозими ҳодиса содир бўлган йўлдан асосан тинч фуқаролар фойдаланиши ва "тинчлик душманлари автобусда полиция ва аскарлар эмас, балки қишлоқликлар" бўлганини билганликларини айтган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Девид Лойннинг айтишича, яраланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда ва қурбонлар сони ошиши мумкин.

Йўл четига ўрнатилган бомбалар Толибон исёнчиларининг асосий қуролларидан бири ҳисобланади.

Нато воизи уларни "душманни фарқламайдиган қурол" деб тасвирлаган.