Халқаро донорлар Қирғизистонга 1.1 миллиард доллар ваъда қилишди

Image caption Зўравонликларда асосан ўзбекларнинг уйлари вайрон бўлган

Бишкекда ўтган анжуманда халқаро донорлар Қирғизистонга 1.1 миллиард доллар ёрдам ваъда қилишган.

Ушбу маблағ ўтган ой юз берган ҳалокатли этник тўқнашувлар ортидан Қирғизистонни қайта қуришга сарфланади.

Зўравонликларда юзлаб одамлар ҳалок бўлган ва асосан ўзбекларга қарашли минглаб уйлар вайрон қилинган.

Уйларини ташлаб чиққан кўпгина ўзбеклар ҳануз қариндошларининг уйлари ёки ҳовлиларида тикланган чодирларда яшашмоқда.

Бишкекдаги анжуманда расмийларнинг билдиришларича, ваъда қилинган маблағ келаётган 30 ой ичида берилади, унинг 600 миллиони шу йилнинг ўзида ажратилади.

Қирғиз ҳукумати бундан сал кўпроқ- 1миллиард 200 миллион доллар сўраганди.

"Давлат, хусусий сектор ва донорлар ҳамжамияти билан биргаликда мен лозим бўлган заҳираларни топамиз, деб ишонаман", деб айтган президент Роза Ўтинбоева анжуманда.

Маблағлар фақат Ўш ва Жалолободни қайта қуришга сарфланмайди.

Қирғиз расмийларига кўра, улар шунингдек, зарар кўрган инфратузилмани қайта тиклаш, энергетика ва нақлиёт тизими, давлат харажатлари ва ижтимоий муаммоларни ечишга харжланади.

'Ўшни ўзбеклар ҳисобига қайта қурманг!'

Би-би-сининг Марказий Осиёдаги мухбири Райҳон Демитрининг айтишича, ҳукуматнинг Ўш шаҳрини қайта қуриш режаси борасида саволлар ўртага чиққан.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мактубида қирғиз президентидан Ўшни қайта қуриш ўзбек озчили ҳисобидан амалга оширилмаслиги кераклиги айтилади.

Мактубда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевага Ўш шаҳрини қайта қуриш бўйича ҳукумат режалари борасида хавотир изҳор қилади.

Мактубда айтилишича, ўтган ойги этник тўқнашувлар асосан этник ўзбек озчилигига таъсир қилди, ҳамда ҳукуматнинг янги уй-жой қуриш учун ўзбекларни кўчириш режалари ўзбек аҳолининг ишончига яна путур етказиши мумкин.

Зўравонликлар чоғида икки ярим мингдан ошиқ уйлар вайрон қилинган, ва бу уйларнинг аксари ўзбекларга тегишли бўлган.

Уларнинг кўпчилиги ҳозирда вайрон бўлган ҳовлиларида тикланган чодирларда яшашмоқда ёки қариндошларининг уйларидан бошпана топишган.

Хароб бўлган ҳудудларда қирғиз ҳукумати ҳовлилар ўрнига кўп қаватли уйлар қуришни режалаган.

Режани амалга ошириш топширилган расмийлар бу ҳудуддаги аҳоли вакилларига уй-жойи эвазига товон, ё янги турар жойлардан хонадон, ёки бошқа ҳудудга кўчиш таклиф этилишини билдирганлар.

Бироқ, уларнинг кўпчилиги ўз кўчмас мулкига эгалигини исботловчи хужжатлар ва паспортларини йўқотганлар ва товон олишда муаммоларга юз тутишмоқда.

Ўш шаҳри аҳолисининг 70 фоизи зич жойлашган маҳаллалардаги бир қаватли ҳовлиларда яшаб келган.

Танқидчилар фикрида, ҳукуматнинг қайта қуриш режалари шундоқ ҳам қонли воқеалардан руҳи чўккан ўзбек аҳолининг анъанавий турмуш тарзини барбод қилади.