ОИ Қирғизистондаги ислоҳотлар учун 118 миллион евро бермоқчи

Оврўпо Иттифоқининг Бишкекдаги вакилига кўра, Қирғизистондаги ислоҳотларни дастаклаш учун 118 миллион евро ажратишга қарор қилишган.

Кўзда тутилаётган маблағнинг ярмидан кўпроғи шу йилнинг ўзида харжланади.

Қолгани эса, келаси уч йил ичида Қирғизистоннинг яқин ва узоқ келажакдаги эҳтиёжларини қондиришга сафрланади. Мадад инсонпарварлик ёрдамлари шаклида кўрсатилади.

Иттифоқнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича вакиласига кўра, Қирғизистондаги қайта тиклаш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш йўлида ёрдам кўрсатишда давом этишади.

Расмий Бишкек аввалроқ Оврўпо Иттифоқидан Қирғизистон жанубига тинчликни сақлаш кучларини юборишини ҳам сўраганди. Халқаро ташкилот қирғиз томонининг сўровини кўриб чиқишга ваъда берган.

Кеча Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган анжуманда халқаро донорлар Қирғизистонга 1.1 миллиард доллар ёрдам ваъда қилишганди.

Ушбу маблағ ўтган ой юз берган ҳалокатли этник тўқнашувлар ортидан Қирғизистонни қайта қуришга сарфланади.

Зўравонликларда юзлаб одамлар ҳалок бўлган ва асосан ўзбекларга қарашли минглаб уйлар вайрон қилинганди

Вазият ҳануз қалтис

Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ва Умумий Алоқалар бўйича кенгаши куни-кеча Қирғизистондаги вазият ҳануз қалтис қолаётганидан хавотир ҳам изҳор этганди.

Кенгаш икки нарсадан хавотир билдирмокда, биринчиси вазиятнинг ҳануз қалтис бўлиб қолаётгани, иккинчиси эса ўзбек озчилигига қарши тазйиқларнинг давом этаётганидир.

Оврўпо ташқи ишлар вазирлари кенгаши қирғиз расмийларини бутун аҳолини камситиш ва зўравонликлардан ҳимоялаш, жамоалараро ярашувни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва қонун устиворлигига мутлақ амал қилишга даъват қилганди.

Оврўпо Иттифоқи Қирғизистонга юборилажак полиция маслаҳат гуруҳи учун Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган услуб ва шартларни олқишлаган.

Айни пайтда ватанига қайтган қочқинлар ва мамлакат ичида бошпанасиз қолганлар тақдиридан ҳам хавотир билдирганди.

Иттифоқ қирғиз расмийларини уларни химоялаш, реабилитация ва уйларини тезроқ қайта қуришда ёрдам беришга чақирганди.

Оврўпо Иттифоқи президент Ўтинбоеванинг халқаро мустақил текширув ўтказиш борасидаги қарорини ҳам ижобий баҳолаганди.

Халқаро ташкилот қирғиз расмийларини текширув холис, ошкор ва ҳартарафлама бўлиши, халқаро андозаларга мос равишда олиб борилишини таъминлашга чақирган.

.