Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларни ўрганиш учун яна бир комиссия тузилмоқда

Image caption Қирғизистон Омбудсмани мамлакат жанубидаги ҳодисалар юзасидан дастлабки хулосаларини эълон қилиб, ҳодисаларнинг келиб чиқишига ўзбек жамоаси вакиллари туртки берганлари, шундан сўнг қирғиз жамоаси зўравонликларга қўл урганлиги ҳақида айтган.

Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларни келтириб чиқарган омилларни ўрганиш мақсадида яна бир, "ижтимоий ва мустақил", дея номланган комиссия тузилмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Акун эълон қилди.

Лекин мазкур комиссия фаолиятини бошламасданоқ, мамлакат Омбудсмани июн ойидаги воқелар юзасидан ўз хулосаларини баён қилганди.

Турсунбек Акун томонидан эълон қилинган комиссия Қирғизистон ҳукумати томонидан ташкил этилган миллий ва халқаро мустақил комиссиялардан кейин мамлакат жанубидаги ҳодисаларни ўрганиш юзасидан барпо этилаётган учинчи комиссиядир.

Жаноб Акунга кўра, ҳукумат томонидан тузилган миллий ёки давлат комиссияси ҳеч қачон мустақил бўлмайди ва холис хулосаларни чиқара олмайди.

"Шунингдек, халқаро комиссияда ҳам Ўш ва Жалолободдаги воқеаларни ҳар томонлама ўрганиш имкониятлари йўқ. Чунки улар халқимизни яхши билмайди", - деди Кирғизистон Омбудсмани.

Турсунбек Акунга кўра, Ўшдаги ҳодисаларнинг бошланиб кетишига ўзбек жамоаси вакиллари сабабчи бўлганлари ва қирғиз миллатига мансублар ҳам шундан сўнг зўравонликларга қўшилиб кетганлиги ҳақидаги баёнотлари дастлабки тадқиқотлари натижаларидир ва эндиликда у томонидан тузилаётган комиссия жиддий иш юритиб ўз хулосаларини тақдим этади.