Қозоғистондаги йўл ҳодисасида 20 киши ҳалок бўлди

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Тошкент- Олма-Ота йўлида юз берган автобус ҳалокатида 20 одам ҳаётдан кўз юмган, яна бир неча киши шифохонага ётқизилган.

Чимкент-Олма-Ота йўналиши бўйлаб ҳаракат қилаётган "Мерседес" русумли автобус шанба куни эрта соат 5 да Жамбул вилояти ҳудудида юк машинаси билан тўқнашган.

Қозоқ расмийлари йўловчиларнинг кимлиги борасида ҳозирча маълумот йўқлигини айтишмоқда.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айни шу йўлдан қатнашади.

Олма-Отадаги мухбиримиз Шодиёр Сайфнинг хабар беришича, автобусда 51 нафар йўловчи бўлган.

Тўқнашув натижасида ёнғин келиб чиққан.

Қурбонлар таниб бўлмас даражада ёниб кетган.

Ҳалокат сабаби номаълум, дастлабки маълумотларгаа кўра, автобус ҳайдовчиси рулда ухлаб қолгани айтилади.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот котиби Элдар Райимқуловнинг Би-би-сига айтишича, ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча ўрганилмаган ва уларнинг қайси давлат фуқароси экани номаълум.

Ҳудуди жиҳатидан Марказий Осиёнинг энг катта давлати бўлган Қозоғистон йўллари Осиё билан Оврўпани боғлайди.

Йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинмаслиги сабаб, Қозоғистонда автоҳалокатлар кўп учрайди.

Ўтган йили Олма-Ота вилоятида содир бўлган автоҳалокат туфайли 12 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Бунга асосий сабаб қилиб деярли ҳаммаси хусусийлашиб кетган автобусларни тажрибасиз ҳайдовчилар ҳайдаши кўрсатилади.