Қирғизистон бугуни ва келажагидан хавотирлар ортмоқда

Британ газетлари
Image caption Guardian "Қирғизистоннинг келажаги хавотирли" дейди

Британияда чоп этиладиган бообрў Guardian газетаси ўз мақоласига тўғрида-тўғри " Қирғизистоннинг узоқ келажаги хавотирли" деб сарлавҳа қўйган.

Мақолага кўра, Қирғизистонда кутилаётган сайловолди кампанияси хавфли миллатчиликни авж олдириши мумкин.

"Иқтидордаги сиёсатчилар ҳозир кўпмиллатли жамият барпо этишга киришишлари лозим" - деб ёзади мақола муаллифи Анна Матвиева.

Қирғизистонга бир миллиард доллардан кўпроқ ёрдам ваъда қилингани, аммо бу мамлакат муаммоларини фақат пул бериб ҳал этиб бўлмаслиги урғуланади.

"Бакиевнинг тузуми қулаши ортидан бу мамлакатдаги Ўзбеклар янги ҳукумат энди бизнинг муаммоларимизга ҳам эътибор қаратар, деб умидвор бўлишганди. Улар давлат ишларида фаолроқ қатнашиш ва Ўзбек тилини ўз минтақаларида ишлата олиш имконияти пайдо бўлаётганига ишонган эдилар" - деб битилади мақолада.

Аммо, деб давом этади Guardian, Қирғиз миллатчилари Ўзбеклар ўз ўринларини билишлари керак, деган фикрга келишди. Бунақа миллатчиликка эса қатор ҳукумат вакиллари ҳам ташаббус билан киришиб кетдилар.

Guardian мақоласида қайд этилишича, Бишкекдаги ҳукумат анча вақт жанубдаги беқарорлик аломатларини назарга илмади. Натижада эса Июндаги ғалаёнлар тақрибан икки минг инсоннинг ёстиғини қуритди.

"Хавф-хатар тўхтагани йўқ. Аксар Қирғизлардан иборат полиция ва хавфсизлик кучларидан Ўзбеклар қўрқишади. Қўрқув ва ишончсизлик рисоладагидек ҳаётга қайтишга тўсқинлик қилмоқда ва икки жамоа ўртасидаги жарлик ҳамон жуда катта. Президент Роза Ўтинбоеванинг куч-қудрати эса амалда жуда чекланган" - деб битади муаллиф Анна Матвиева.

Унга кўра, Қирғизистон сиёсатчилари ҳозир вазиятни барқарорлаштириш эмас, балки Октябрдаги парламент сайловида беллашишга кўпроқ қизиқиш билдиришмоқда.

Уч йўл бор, учаласи ҳам хатарнок

Британия нашрининг ёзишича, Бишкекка қўшилиб, ташқаридан айбдор бўлган "учинчи кучларни" излаш хатодир. Айбни Максим Бакиевга тўнкашни йиғиштириб, ҳақиқатни тан олиш керак: Қирғизистон ҳукумати заиф, кам сонли миллатлар дардига қулоқ солинмайди ва хавфсизлик кучлари Ўзбек миллатига қарши ишламоқда.

Айни пайтда, ушбу инқироз Қирғизистонга Россия дохил ҳеч ким қизиқмаслигини ҳам намоён этгани таъкидланган.

Бироқ узоқ келажак жуда хавотирли, деб давом этади Guardian, чунки Ўзбеклар ўз муаммолари билан ўз ҳолларига ташлаб қўйилган.

Мақола бу ўринда уч йўлни кўрмоқда. Биринчи йўл - Шри Ланка. У ердаги миллий низолар ортидан жуда кучли исёнкорлар ташкилоти етишиб чиққанди.

Икинчи йўл - Чеченистон. Россиянинг бу беқарор бўлгасидаги миллий мустақиллик орзулари Исломий гуруҳлар тўрига тушиб қолди.

Учинчи йўл - Ўзбекистон. Бу мамлакат Андижон ғалаёнига жуда катта куч билан жавоб қайтарган. Аммо айтилган уч йўлдан биронтаси ҳам умидбахш кўринмайди.

Шу боис, дейди Guardian, Қирғизистон бир миллатнинг етакчилигига асосланган "демократияга қайтиш"дан воз кечиб, кўпмиллатли жамият қуриш ғоясини қабул қилиши даркор.

Бир оила ҳикояси

АҚШдаги CNN билан ҳамкорликда ишловчи Time интернет саҳифасида эса Ўшлик бир ўзбек оиласи - Толиповлар хонадони бошидан ўтказган ҳодисалар асосида у ердаги вазиятга назар ташланади.

"Ҳалиям, Толиповлар оиласи омади чопганлардан бўлди. Қирғиз тўдалари Ўшдаги Ўзбек жамоасига ҳужум қилишганида уларнинг оиласидан фақат битта киши ўз уйи олдида қорнидан отиб ўлдирилган" - деб ёзади мақола муаллифи Саймон Шустер.

Кейинроқ юз минглаб Ўзбек қочқинлари ўз уйларига қайтиб кела бошлашди. Одамлар ҳаёт изига тушар деган умидда эдилар.

Аммо қонли воқеаларидан қарийб бир ойча ўтиб, 8 июл тонг саҳарида Толиповлар уйи олдида тўртта полиция машинаси келиб тўхтайди. Машиналардан эса қўлларида Калашников автоматлари, айримлари ниқоб тақиб олган йигирматча одам тушишади.

Улар уй шифтига ўт очиб, бутун хонадонни ағдар-тўнтар қиладилар. Ошхонананинг қаеридандир ўқ топдик, деб айтишади-да, хонадондаги тўрт эркакни ҳибсга олишади.

Толиповларга кўра, аслида келганлар ўша ўқларни ташлаб қўйишган.

Ҳибсда эркакларни аёвсиз дўппослашади

"Улар мени калтаклаб, Июндаги хунрезликлар пайти одам ўлдирганман, аёлларни зўрлаганман, деб тан оласан, деб қўрқитишди. Мен эса ўша пайтлари мен пойтахт Бишкекда бўлганимни тасдиқловчи ҳужжатларим борлигини айтдим" - дейди ҳибсга олинганлардар бири Бобур Толипов.

Калтаклар ортидан, эрта тонгга яқин Толиповлардан уч киши бир ярим минг АҚШ доллари эвазига ҳибсдан қўйиб юборилади. Аммо катта ўғил Алишер ҳамон ҳибсда.

Қийноқ остида у Қирғизларни ўлдирдим, деб сохта айбловларга иқрор бўлган.

Сўнгги бир ярим ой мобайнида бу каби юзлаб ҳикояларни эшитиш мумкин. Бу воқеалар жанубий Қирғизистондаги Ўзбекларнинг азоб-уқубатлари ҳали-ҳамон тугамаганини кўрсатади, деб ёзади Time.

Ошкора қотилликдан, ёпиқ таъқибга

Time нашрининг ёзишича, Қирғизистондаги Ўзбеклар бошига тушаётган кўргуликлар уларни ошкора ўлдиришдан энди ёпиқ, аммо мунтазам қийноқ ва айбловлар шаклига ўтган. Қирғиз расмийлари Июн зўравонликлари учун Ўзбекларни айблашга ўтганлар.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Нави Пиллай махсус баёнот чиқариб, Қирғизистонда ҳибсга олинаётган, қийноққа тутилаётган ва сохта айбловларга иқрор қилдирилаётган эркакларнинг қарийб барчаси Ўзбеклар бўлаётганини урғулаганди, деб эслатади Time.

БМТга кўра, уларнинг тирноқлари суғуриб олинмоқда, баданига сигарета босишаяпти ва озодликка чиқиш учун катта миқдорда пул тўлашга мажбур бўлишмоқда.

Пиллай хонимнинг қайд этишича, бу ҳолатлар "нафақат миллатига қараб ажратишни намоён этмоқда, балки унга қўшимча ҳам Қирғизистон, ҳам халқаро қонунларни бузмоқда".

Газетага кўра, маҳаллий расмийлар айрим қийноқ ҳолларини тан олишган, лекин Қирғизистон қонунлари Оврўпо ва ё АҚШдагидан фарқли эканини урғулаб, Толиповлар оиласи бошига тушган ишлар борасида ҳам изоҳ беришдан бош тортишган.

Қирғиз расмийлари ҳибсга олишда миллатчилик қилинаётгани ва ёки аксар ўзбеклар зиён кўришгани борасида гапиришни исташмайди ва миллатига қараб одамларни жазоламасликларини айтишади.

Аммо, деб ёзади Time, ҳибсхонадаги яқинларига озиқ-овқат ва ё дори-дармон келтирган кўп сонли аёллар бир-бирларига Ўзбек тилида пичирлашарди, улар узун ўзбекча либосларда эдилар.