Боткендаги миллатлараро тўқнашувда '2 киши жароҳатланган'

Image caption Қадамжой аҳолиси орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани айтилади

Қирғиз расмийлари 2 август куни Боткен вилоятида юз берган миллатлараро тўқнашув юзасидан бир неча кишининг ҳибсга олинганини айтишган.

2 август куни кеч соатларда Қадамжой туман Учқурғон қишлоқ кенгаши ҳудудидаги қаҳваҳонада қирғиз, тожик ва ўзбек миллатига мансуб ёшлар орасида келиб чиққани айтилган "муштлашув" тафсилотлари маълум эмас.

Қирғиз расмийлари "оммавий муштлашув" деб тасвирланаётган ҳодисанинг "маиший асос"да юз берганини айтишган.

Камида икки кишининг жароҳатлангани ва шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.

Бошқа қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

'Тажовузкор ёшлар'

Айрим хабарларда ҳодисанинг 1 август куни ва Масалиев қишлоқ кенгаши ҳудудида содир бўлгани айтилади.

24 kg агентлигининг Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот марказидан иқтибос келтиришича, "Олтин кўприк" деб номланган ҳудудда юз берган муштлашув унда қатнашган ёшларнинг ўзлари томонидан тезда бартараф этилган, аммо муштлашувдан сўнг ҳодиса жойида 250-300 чамаси турли миллатга мансуб маҳаллий аҳоли вакиллари, асосан ёшлар тўпланган.

Хабарда айтилишича, милиция тўпланганларни тарқатиш учун ҳавога ўқ узган.

"Уларнинг кўпчилиги маст ва тажовузкор кайфиятда бўлишган. Зиддиятнинг олдини олиш ва янги муштлашув юз беришига йўл қўймаслик мақсадида ҳодиса жойига етиб келган Учқўрғон милиция бўлими ва Ҳайдаркон чегара бўлинмаси махсус кучлари йиғилганларни тарқатишга муваффақ бўлди", -дея Миллий хавфсизлик хизматидан иқтибос келтиради агентлик.

Боткен вилоят маъмуриятига кўра, ҳодиса юзасидан 7 кишининг ҳибсга олинган, аммо уларнинг қайси миллат вакиллари экани номаълум.

Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик хизмати аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Маҳаллий ҳокимият жамоат овқатланиш жойларида соат 21 дан кейин спиртли ичимликлар сотиш ва кўнгилочар марказлар фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилгани айтилмоқда.

Зўравонликлар тўхтамаётир

Қирғизистон жанубида этник асосдаги янги тўқнашувлар президент Роза Ўтинбоева минтақага сафар қилаётган пайт юз берган.

Аввалроқ Ўтинбоева хоним янги зўравонликлар юз бериши эҳтимоли борлигини айтган эди.

Аммо қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас шифокорлар" Қирғизистон жанубида зўравонликларнинг тўхтамаганини айтган.

Июн ойида юзлаб ўзбекларнинг ўлимига сабаб бўлган миллатлараро тўқнашувлар ортидан Қирғизистон жанубидан аҳолининг ёппасига бошқа мамлакатлар, хусусан, Россияга кетиши кузатилмоқда.

Россиянинг Ўшдаги консуллиги муҳожирлар сони 30-40 фоизга ошганини айтган.

Консул С. Барсуковнинг журналистларга айтишича, кетаётганларнинг энг кўпи руслар, ундан кейин эса ўзбеклар.

"Охирги ўринда албатта, қирғизлар", деб айтган жаноб Барсуков.

Унга кўра, аҳолини уйларини ташлаб кетишга ундаётган асосий омил қўрқувдир.

"Чунки одамлар шаҳарда нималар бўлганини кўришди, улар йўлакларда ётган жасадларни кўришди", деб айтган Россиянинг Ўшдаги Бош консули.