БМТ:'Қирғизистондаги сайловлар қаттиқ ва жирканч бўлади'

Image caption Жаноб Йенча ўзбекларга ҳукумат ва хавфсизлик тизимларида ўрин берилиши кераклигини айтган.

БМТ махсус вакили Мирослав Йенчага кўра, Қирғизистондаги парламент сайловларининг мамлакатга қанчалик барқарорлик олиб келиши номаълум.

Бирлашган Миллатлар мулозими Рейтер хабар агентлиги билан суҳбатда октябр ойида ўтадиган сайловларнинг "қаттиқ ва жирканч" бўлишини айтган.

У мамлакат жанубида вазиятнинг ҳануз таҳликали эканини айтиб, ҳукумат одамларга уйларини қайта қуришда ёрдам бериш учун тезроқ ҳаракат қилиши, миллий ярашув жараёнларини рағбатлантириш учун ўзбекларга ҳукумат ва хавфсизлик тизимларидан жой берилиши кераклигини таъкидлаган.

Хавфсизлик

БМТнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакилининг айтишича, сайловларга яқин ёки сайлов куни Қирғизистондаги хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиш эҳтимоли катта.

"Рақобат кучли бўлади. Сиёсий кураш қаттиқ, шунингдек, жирканч бўлади, деб айтган бўлардим. Хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиш эҳтимоли бор", деб айтган БМТ дипломати.

Жаноб Йенчага кўра, хавфсизлик вазияти сайловларда қайси партиянинг ғолиб чиқиши, ҳокимиятдаги асосий ўринларни кимлар эгаллашига боғлиқ.

"Албатта, бу сайлов ғолиблари, ҳукуматнинг қандай тузилиши, кимлардан таркиб топиши, парламент раиси ким бўлиши ва уларнинг вазиятни барқарорлаштиришга қандай ёндашишларига боғлиқ бўлади".

Айни пайтда у сайловларнинг "шаффофроқ ва одамларнинг нуқтаи назарини кўпроқ ифода этишига" умид қилаётганини айтган.

Жаноб Йенчага кўра, парламент сайловлари "келажакдаги барқарорлик учун бир имкониятдир".

'Қаттиққўл раҳбар'

БМТ мулозими Қирғизистонга қаттиққўл раҳбар керак, деган қарашларни рад этган.

"Бу ерда кўпчилик қаттиққўл раҳбар керак, демоқда. Аммо биз амалда собиқ яккаҳокимлар Акаев ва Бакиевлар даврида нималар бўлганини кўрдик. Шундай экан, эҳтимол ўзгаришларга эҳтиёж бордир", -деб айтган жаноб Йенча.

27 июнда ўтган умумхалқ референдуми натижаларига мувофиқ, Қирғизистонда президентнинг ҳокимияти анча чекланади ва биронта ҳам сиёсий партия парламентдаги 120 ўриндан 65 тасидан кўпига эга бўлмайди.

Ғарб давлатлари Қирғизистондаги ўзгаришларни олқишлашган, аммо Россия президент Ўтинбоеванинг парламент бошқарувига ўтиш режасини танқид қилган.

Президент Дмитрий Медведев Қирғизистонда парламент бошқаруви экстремистларнинг ҳокимиятга келишига йўл очишидан хавотир билдирган.

"Мен Қирғизистонда парламент бошқарувининг қандай ишлашини тасаввур қилолмаяпман", деган жаноб Медведев.

Қирғизистондаги парламент сайловларининг аёвсиз бўлиши ҳақида аввалроқ президент Ўтинбоеванинг ўзи ҳам гапирган.

"Сайловолди кампанияси мураккаб бўлади. Тартибсизликлар келтириб чиқаришни истаётган тентаклар бор", деб айтган қирғиз президенти.

Аммо Ўтинбоева хоним шунга қарамай, очиқ ва шаффоф сайловлар ўтказиш учун "ўйин қоидалари"ни ишлаб чиқишга ваъда берган.