Ўшда иккита қўп қаватли турар-жой биноси қурилиши бошланган

Image caption Ўшдаги ўзбеклар кўп қаватли уйлар қуриш режасидан хавотир билдиришган

АКИПресс хабар агентлигининг Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакметовга иқтибосан хабар беришича, шаҳарда 2 та кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши бошлаб юборилган.

Ўшнинг "Тўқимачилар шаҳарчаси" номи билан билинган "Манас-Ота" мавзеъйидаги кўп қаватли уйлар қурилиши тендерда ютиб чиққани айтилган маҳаллий иншоот ширкати томонидан амалга оширилади.

Шаҳар ҳокимига кўра, қурилиш учун ер ажратилиб, уйларнинг лойиҳаси Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш бўйича тузилган давлат дирекциясига тақдим этилган.

Мирзакметов қурилиш ишларини 8 ой мобайнида якунлашни режалаётганликларини айтган.

Ўшдаги манбаъларнинг Би-би-сига айтишича, қурилиш бошланган ҳудудда турли миллат вакиллари, жумладан, ўзбеклар ҳам истиқомат қилишади ва у ер июн ойидаги зўравонликлардан унчалик зарар кўрмаган.

Ўтган ҳафта Ўшга ташриф буюрган президент Роза Ўтинбоева ўшликлар билан шаҳарни қайта қуриш режалари ҳақида гаплашган ва уларга бир неча лойиҳани тақдим этгани айтилганди.

Зўравонликлардан жабр кўрган ўзбек аҳолиси қирғиз ҳукуматининг шаҳарни қайта қуриш режасидан хавотир билдирган.

БМТ президент Ўтинбоевани Ўшни "ўзбек аҳолисининг зарарига" қайта қурмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Бирлашган Миллатларга кўра, июн ойидаги этник тўқнашувлар, асосан ўзбек озчилигига таъсир қилган ҳамда ҳукуматнинг янги уй-жой қуриш учун ўзбекларни кўчириш режалари ўзбек аҳолисининг ишончига яна путур етказиши мумкин.

Зўравонликлар чоғида икки ярим мингдан ошиқ уйлар вайрон қилинган, ва бу уйларнинг аксари ўзбекларга тегишли бўлган.

Уларнинг кўпчилиги ҳозирда вайрон бўлган ҳовлиларида тикланган чодирларда яшашмоқда ёки қариндошларининг уйларидан бошпана топишган.

Хароб бўлган ҳудудларда қирғиз ҳукумати ҳовлилар ўрнига кўп қаватли уйлар қуришни режалаган.

Режани амалга ошириш топширилган расмийлар бу ҳудуддаги аҳоли вакилларига уй-жойи эвазига товон, ё янги турар жойлардан хонадон, ёки бошқа ҳудудга кўчиш таклиф этилишини билдирганлар.

Бироқ, уларнинг кўпчилиги ўз кўчмас мулкига эгалигини исботловчи хужжатлар ва паспортларини йўқотганлар ва товон олишда муаммоларга юз тутишмоқда.

Ўш шаҳри аҳолисининг 70 фоизи зич жойлашган маҳаллалардаги бир қаватли ҳовлиларда яшаб келган.

Танқидчилар фикрича, ҳукуматнинг қайта қуриш режалари шундоқ ҳам қонли воқеалардан руҳи чўккан ўзбек аҳолининг анъанавий турмуш тарзини барбод қилади.

Аммо Ўш шаҳар ҳокимининг қурилишни бошлаб юборгани амалда ўзбекларнинг хавотирлари ҳисобга олинмаётганидан далолат беради.