'Афғонистондаги уруш бой берилмоқда'

Зардорий
Image caption Покистон президентининг айтишича, халқаро ҳамжамият Афғонистондаги Толибонга қарши урушни бой бермоқда

Буюк Британияга сафари олдидан Парижда тўхтаб, Le Monde газетасига гапирган Покистон президенти афғонларнинг меҳрини қозониш йўлидаги халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатлари аллақачон муваффақиятсизликка учраганини урғулаган.

Жаноб Зардорий "Покистон жосуслик хизматлари Толибонни қўллаётгани" ҳақида гапирган Британия Бош вазири Девид Камеруннинг фикрларини ҳам танқид қилган.

Олдинроқ жаноб Камерун Исломободдаги айрим кучлар Толибонга келганда битта йўлни танламасдан ҳаракат қилишаётганини айтганди.

Покистон АҚШ бошчилигидаги террорга қарши урушда мусулмон оламидаги асосий иттифоқчилардан бирига айланган ва Ғарбдан бир катта миқдорда ёрдам олади.

Аммо Покистон раҳбарияти зимдан Толибонни қўллаётгани борасида тобора кўпроқ хавотирлар ўртага чиқмоқда.

Толибон бошпана топган озод қавмлар ҳудудларида Покистон армияси бир неча ойлик аксилисёнкорлик амалиётлари олиб борган. Лекин айрим кузатувчилар бу Ғарбнинг кўзини шамғалат қилиш учун хўжакўрсинга ўтказилган амалиёт, дейишганди.

Ўз ўрнида Покистондаги Толибон катта куч сифатида мустақил ҳаракат қилаётгани ва ҳатто Исломобод назоратида чиқиб кетгани борасида ҳам фикрлар кўп.

Покистоннинг Ғарб билан иттифоқчилиги бу мамлакат ичкарисидаги исломий гуруҳлар орасида норозиликларга ҳам сабаб бўлиб келади.

Сўнгги йиллари, хусусан, мамлакатда мазҳабий низолар, Толибон ҳужумлари ва худкушлик амаллари кўпайган.

Айни дамларда мамлакатнинг энг йирик бандаргоҳи ва тижорат маркази бўлмиш Карочида ўрдузабон шиалар ва сунний пуштунлар ўртасида кечаётган зўравонликлар ҳозиргача элликдан зиёд инсон умрига зомин бўлди.

Президент Зардорийнинг Британияга сафари Покистон сўнгги 80 йил давомида юз тутган энг қақшатқич сув тошқинлари пайтига тўғри келмоқда. Муссон ёмғирлари ортидан бошланган табиий офатда бир ярим мингга яқин инсон нобуд бўлган, икки миллионга яқин одам ё уй-жойидан ажралган, ё озиқ-овқатга муҳтож.

Исломобод Лондоннинг муҳим иттифоқчиси ва ўртадаги зиддиятларга қарамай, бу икки мамлакат бир-бирларига кераклигини тушунишади.

Аммо Покистонда миллионлаб инсонлар табиий офатдан азият чекиб турган бир пайтда мамлакат президентининг Оврўпога сафар қилаётгани ўз мамлакатида ҳам, ташқарида ҳам танқидларга сабаб бўлмоқда.