Ўзбекистонда уй бекаларининг меҳрини қозонган қозоқ уни нега қимматлади?

Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлигининг тахмин қилишича, республикада бу йил 13,5 миллион тонна дон маҳсулотлари йиғиштириб олиниши мумкин.

Мустақил кузатувчилар эса ундан ҳам камроқ рақамларни келтирмоқда. Бу ўтган йили мисли кўрилмаган қарийб 23 миллион тоннадан 60 фоиз кам ҳосил дегани.

Айни башоратлар манзарасида буғдой ҳали ўриб бўлинмаганига қарамасдан Ўзбекистонда қозоқ унининг нархи ошиб кетган.

Ҳосилдорликнинг кам бўлишига Қозоғистонда йилнинг қуруқ келгани сабаб экани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ғарбий Қозоғистон ва Ақтўба вилоятларида қурғоқчилик натижасида 70 фоиз ҳосил нобуд бўлган.

Мутахассислар дунёнинг шимолий қисмидаги қурғоқчилик натижасида нархлар табиий равишда ошишиши мумкин дейишмоқда.

"Казах Зерно" ахборот агентлигининг хабар қилишича, бу йилги ҳосилнинг кам бўлиши сўнгги ўн йилда Қозоғистондаги энг ёмон кўрсатгич бўлиши мумкин.

Бунга бир неча сабаблар қаторида биринчи бўлиб ёғингарчиликларнинг кам бўлгани кўрсатилмоқда. Аксар уруғ ёмғир йўқлигидан униб чиқмасдан чириб кетгани айтилади.

Иккинчидан, ўтган йили ҳосилнинг кўп бўлиши билан бирга уни сотиш ва сақлашда деҳқонлар катта муаммоларга дуч келишди.

Қозоғистон парламентида ҳаттоки 7 миллион тонна дон чириб кетди деган даъволар янгради. Албатта ушбу даъволарни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги рад этган бўлса-да, ҳосилнинг сотилмаслиги деҳқонларга жиддий зарба бергани айтилади.

Натижада буғдойни сотолмаган фермерлар кейинги йил учун тайёргарлик кўролмаган, керакли ўғитларни сотиб ололмаган. Сифатли уруғ сотиб олиш имкони камчиликда бўлган.

Мантиқан ҳосилнинг кам бўлиши ўз-ўзидан экспортга таъсир қилиши керак эди. Аммо "Казах Зерно" ахборот агентлигининг таҳлилчиси Фёдор Сергеевнинг Би-би-сига айтишича, экспорт камаймайди.

- Экспорт ҳажми тушиб кетмайди. Ўтган йилги донлардан 7 миллион тоннача сотилмай қолган. Яъни заҳирада дон бор. Шунинг учун йиғиштириб олинган ҳосилнинг миқдори ўтган йилники билан тенг бўлиши мумкин, дейди у.

Қийинчиликларга қарамай, Қозоғистон 2010-2011 йилларда 6 миллион тонна буғдой экспорт қилмоқчи.

Фёдор Сергеевнинг илова қилишича, Қозоғистон экспорт ҳажми қисқармаса-да, Россия ва Украинада буғдой экспорти камайиши боис ун маҳсулотларининг нархи сезиларли даражада ўсиши мумкин.

Қозоғистоннинг асосий ун импортчиларидан бўлган Ўзбекистонда қозоқ унининг нархи аллақачон ошган.

- Олдин бир қоп қозоқ унини 34 минг сўмга олардик, ҳозир 60 минг сўм бўлиб турибди. Деярли икки баробар ошиб кетди. Сотувчидан нима учун ошганлигини сўрасам, долларнинг кўтарилгани билан боғлиқ деди, дейди жиззахлик тадбиркор аёл.

Жиззах шаҳрида тўй-маъракаларга сомса, чебурек каби пишириқлар пишириб сотадиган ушбу тадбиркорнинг айтишича, бир кунда бир, икки қоп қозоқ унини ишлатади. Ва сифат жиҳатидан Ўзбекистоннинг уни Қозоғистон унига умуман тенг келолмайди.

- Ҳаттоки қиммат бўлиб кетганидан нима қилишимни билмай 20 фоиз Ўзбекистон унини ишлатиб кўрдим, аммо маҳсулотимнинг сифати бузилиб кетди. Ўзимизнинг унлар фақатгина қора нон ёпишга ярайди холос. Хамири кўтарилиши керак бўлган маҳсулотларга умуман ишлати бўлмайди, дейди жиззахлик тадбиркор аёл.

Ўзбекистон қозоқ унининг минтақадаги асосий харидорларидан ҳисобланади. Аммо расмий Тошкент томонидан бу ҳақда ҳеч нарса дейилмайди. Қозоғистонлик кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон бир йилда ўртача 1 миллион тонна қозоқ унини харид қилади. Чунки сифат жиҳатидан Қозоғистон уни анча олдинда туради.

- Бунинг сабаби ун таркибидаги ёпишқоқликнинг кўплиги билан изоҳланади. Қозоғистон буғдойларининг ёпишқоқлиги 23 фоиз ва ундан юқорини ташкил қилади. 1 ва 2 чи нав буғдойлар асосан паст навдаги буғдойга қўшиб, сифатли ун олиш учун сотиб олинади, - дейди таҳлилчи Фёдор Сергеев.

Қозоқ унининг нархи Ўзбекистон учун ошар экан, ун маҳсулотларининг ҳам нархи табиий равишда кўтарилиши кузатилмоқда.

- Энди мен ҳам пишириқларимнинг нархларини кўтаришга мажбурман. Чунки ҳаражати кўтармаяпти. Эртага Рўза келиши билан нархларни кўтараман. Харидорлар ҳам уннинг қимматлаб кетганини кўриб турибди, тушунишади, дейди жиззахлик тадбиркор аёл.

Кузатувчилар эса Ўзбекистон томонидан қозоқ унини сотиб олиш ҳажми бу йилги 7 миллион тонналик ҳосилга қарамасдан кўпайиши мумкинлигини айтишади.

Қозоқ унининг сотиб олинишига сифатдан ташқари, Ўзбекистоннинг Афғонистонга буғдой экспорт қилишига ҳам эътибор қаратилади. Мутахассислар Ўзбекистон бўшаб қолган заҳирани қозоқ уни билан тўлдиришини таъкидлашади.