Шимолий Тожикистон: ўз жонига қасд этиш кўпаймоқда

Шимолий Тожикистонда бу йил ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари йигирма фоиздан ҳам ортиб кетган.

Суғд вилояти ички ишлар бўлими келтирган таҳлилий хулосаларга кўра, одамларни ўзлари ўйлагандек “сўнгги чора”га энг кўп оилавий жанжаллар етакламоқда.

Ундан кейин эса, руҳий беморлик ва камбағаллик туфайли ўз-ўзини ўлдиришга қўл уриш ҳоллари туради.

Кузатувчиларнинг айтишларича , Шимолий Тожикистонда ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксарияти эркаклардир.

Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида иқтисодий қийинчиликлар кўрсатилмоқда.

Бундан икки ой олдин Суғд вилояти ижроия ҳокимияти суиқасд ҳолатлари кўпайишидан ташвишланган ҳолда, янги фожиалар олдини олиш чораларини кўришга киришган эди.

Расмийлардан бирининг изоҳлашича, одамларни тўғри йўлга солиш учун бир-икки ой эмас, анчагина узоқроқ вақт зарур бўлади.

Уйда қозон қайнамаганда

“32 нафар фуқаро руҳий беморлик, 35 нафар оилавий жанжаллар натижасида, 21 нафар камбағаллик боис ва 40 нафар инсон бошқа сабабларга кўра оқлаб бўлмас ишга қўл уришган.”

Бу хабар Суғд вилояти ички ишлар бошқармасининг жорий йилнинг биринчи ярмига оид маълумотларидан олинган.

Ички ишлар бошқармасида ўтказилган таҳлилларда айтилишича, ўтган йилнинг худди шу даврида ўз жонига қасд қилиш ҳодисалари 144 та бўлса, энди бу рақам 176 тага етган.

Бундан аввал бу каби ҳоллар ҳақида маълумотлар берилганда иқтисодий етишмовчилик боис бўйнига арғамчи солишлар ё баланд қаватли уйлардан ўзини ташлаб юборишлар борасида гап очилмаса, энди камбағалликнинг ажалдан беш кун ўлишга етаклаш ҳолатлари таъкидлаб ўтилмоқда.

“Кўпинча ишсиз қолган ё иш ҳақи билан оила тебрата олмаётган эркак хотинининг хархашаларидан тўйиб кетиб, ёруғ дунё кўзига қоронғу бўлиб кетади,” дейди гендер масалалари билан шуғулланиб келаётган Роҳат Маҳмудова.

“Мен Россияга бориб ишлаб келдим. Лекин бир ой деганда иқтисодий инқироз дея ишдан қисқартиришди. Икки-уч ой умид билан иш чиқиб қолар деб юравердим. У ёқда яшаш жойингиз ҳам, ейиш-ичишингиз ҳам фалон пул. Қарзга ботавердим,” дейди Ғафуров туманида яшайдиган қирқ ёшлардан ортган киши.

У пешонасига шапатилагач, гапида давом этади: “Уйга келсам, хотин қовоғини очмайди. Ҳамма пул топиб келаётганда, сиз нимага икки қўлингизни бурнингизга тиқиб келдингиз? Учта болани ўйламадингизми?” деди.

Ана шунда у ўзини ожиз ҳис қилган ва кўзига фақат сиртмоқ кўринаверган. Лекин унинг бахтига синфдош шифокор дўсти учраб қолиб, фожеа остонасидан қайтарган.

Лекин бошқа 84 нафар эркакка ана шундай оқил маслаҳатчи учрамаган.

“Агар маслаҳат беришлар тасодифий бўлиб қолмасдан, психологик маслаҳат хоналари очилганда, қайси сабаб билан бўлмасин ўз жонига қасд қилишни ўйлаб қолганлардан жуда кўпчилиги тирик қолган бўлар эди,” дейди Роҳат Маҳмудова.

Зулм тартиб ўрнатадими?

Суғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Рауф Юсупов ўтган ярим йил ичида ҳали вояга етмаган 25 нафар йигит-қизнинг ўзини ўлдиришга уринганидан ташвиш билдиради.

“Эрим Россияга ишга кетган. Иккита ёш болам бор. Ўғлим қулдай ишлаб пул юборади, сен текин еб ўтирибсан, қўлингни совуқ сувга уришни истамайсан,” дея қайнонам тергаганлари тергаган,” дейди Спитамен туманида яшайдиган 25 ёшли Гулчеҳра.

Қайнонасининг тўхтовсиз тергашлари ҳақоратга айлангач, зуғумга чидаёлмаган Гулчеҳра қўлига арқон олиб қўйхонага кириб кетади.

Онасининг йиғлаб-йиғлаб кетаётганини кўрган беш ёшли ўғлининг бувисини қўйхонага судрашигина ёш аёлни ўлимдан сақлаб қолади.

Лекин молларига ўт олиб келмагани учун отаси калтаклаган ўн тўрт яшар Дилшоднинг ўлигини оқар сувдан топишади.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, одамлар энг кўп осиб ўлдириш билан кўз юмишни танлашмоқда. Ўтган даврда 114 та ана шундай ҳолат қайд этилган. 35 киши заҳарни маъқул кўрган. Лекин ўзини пичоқлаш (7 киши), ёндириш (4 киши) каби энг даҳшатли усулларни танлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Милиция таҳлилларига кўра, вояга етмаганлар ва аёлларнинг ўз жонларига қасд қилишларида кўпроқ зўравонликлар сабаб бўлади.

“Биз ҳар битта ўз жонига қасд қилиш ҳодисасини ўрганяпмиз. Жорий йилнинг ўзида 15 кишига нисбатан ўз-ўзини ўлдириш ҳолатига етказганлиги учун жиноий иш очилди,” дейди милиция генерали.

Шу кунларда қарзини вақтида қайтармаган танишини ўлим ҳолатига етказган йигирма беш яшар йигит устидан маҳкама давом этмоқда.

“Маҳкама балки жазо ҳукми чиқарар, лекин ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари батараф этилмагунча, бу кўнгилсиз ҳодисаларни камайтириш мумкин эмас!”

Маҳаллий кузатувчи Муҳаммад Бобожоннинг бу фикрига қўшиладиганлар оз эмас.