Ўзбекистон Тожикистоннинг Хатлон вилоятига юк вагонларини ўтказмаётир

Image caption Хатлонга ўтказилмаётган вагонларнинг сони 200 дан ортиб кетган

Ўзбекистон ўз ҳудудида турган Тожикистоннинг Хатлон вилоятига бораётган вагонларни бутунлай ўтказмай қўйган.

Тожикистон Темир йўллар ширкатидан билдиришларича, бундай вагонлар сони 200 тадан ортиб кетган.

Айни бир пайтда Хатлон вилоятидаги юк ортилган вагонлар тўрт ярим ойдан буён ҳаракатсиз турибди.

Тожикистон темир йўли масъулларининг айтишларича, бу вагонларни Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтказиш учун қабул қилмаётир.

Тожикистон Темир йўллари ширкати раисининг биринчи муовини Владимир Собкаловга кўра, кейинги беш кун ичида Хатлон вилоятига Ўзбекистон орқали биронта юк вагони кирмаган.

Жаноб Владимир Собкалов Би-би-си мухбири билан суҳбатида ҳозирда Хатлон вилояти учун мўлжалланган юк вагонлари сони 215 тага етганини билдирган.

У Ўзбекистон ҳудудида туриб қолган Тожикистон вагонларининг умумий сони 1100 тадан ортиқ эканлигини айтган.

"Ўзбекистон март ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб Хатлон вилоятидаги юк ортилган вагонларни ўз ҳудудидан ўтказишга ижозат бермаётир. Биз ана шундан кейин орадан ўтган тўрт ярим ойда фақатгина икки вагонни жўнатишга муваффақ бўлдик," деди Владимир Константинович.

У бу вагонлар Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар боис азоб чеккан одамлар учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсопарварлик ёрдами юкланган вагонлар эканлигини таъкидлаган.

Ўзига хос ечим

Тожикистонлик тожир ва тадбиркорлар вагонга ортилган юкларини тушириб, машиналар орқали Душанбега жўнатишмоқда. У ердан эса, яна бу юклар вагонларга жойланиб, мўлжалланган манзилларга юборилмоқда.

"Катта миқдорда зарар кўраётган юк эгалари темир йўлга бўлган ишончларини йўқотишаётгани аламлидир," дейди Тожикистон темир йўллари масъулларидан бири.

Жаноб Собкаловнинг айтишича, Тожикистон темир йўллари мақомоти мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида бир неча марта Ўзбекистон томонига мурожаат этган. Лекин "Ўзбекистон темир йўллари" қониқарли жавоб бермаган.

Айни бир пайтда Ўзбекистон томони Термиздан Тожикистоннинг Хатлон вилоятига борадиган темир йўл шохобчасининг фойда келтирмай қўйгани борасида билдириб, бу йўлни беркитиш даъвоси билан чиққанди.

Тожикистон томони эса, мазкур йўл харажатларини ўз зиммасиги олиш таклифини ўртага ташлади. Лекин Ўзбекистон томони бу таклифни жавобсиз қолдирган.

Қаерда қандай...

Ўзбекистон томони Тожикистоннинг бошқа минтақаларида Тожикистон вагонлари тўхтовсиз ўтиб турганини таъкидлайди. Жумладан, Суғд вилояти ва Душанбега бораётган вагонлар вақтида жўнатилаётгани айтилади.

Тожикистон вагонларининг қўшни мамлакатда тутиб турилишига нисбатан Эрон кескин фикр билдирди.

Ўтган ой Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари орасидаги келишувларга кўра, Тожикистон вагонлари ўтказила бошланганди.

Фақатгина Роғун ГЭСи қурилиши учун мўлжалланган вагонларгина ўтказилмади.

Тожикистон расмийлари Ўзбекистоннинг Тожикистон вагонларини ўтказмаслигини айни шу Роғунга оид келишмовчилик билан боғлиқ дейишади.

Айни бир пайтда Тожикистон Ўзбекистонни четлаб ўтадиган темир йўллар қурилишида иштирок этишга интилмоқда.

Жумладан, Афғонистон орқали Эрон томон қуриладиган темир йўл ва Хитойгача борадиган иккинчи бир муҳим йўлга Тожикистон ҳукумати ҳам, тожикистонликлар ҳам умид кўзини тикишмоқда.