Le Monde:'Жаҳон ҳамжамияти Қирғизистондаги жиноятларни кўриб туриб, сукут сақламоқда '

Image caption Le Monde Қирғизистонда этник тўқнашувлар эмас, балки погромлар содир этилганини ёзади

Нуфузли француз нашри минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамиятини Қирғизистонда содир этилаётган жиноятларни кўриб, жим турганликда айблаган.

"Қирғизистон хунрезликлар марказига айланди: Бакиевнинг ағдарилиши ва муваққат ҳукуматнинг қўл қовуштириб туриши бошбошдоқликка юз тутган мамлакат жанубидаги этник тозалашларга олиб келди", деб ёзади Le Monde. Франциянинг марказий Осиё тадқиқотлари институтидан Байрам Болчи ва Пъер Шувеннинг таъкидлашича, сўз "миллатлараро тўқнашувлар ҳақида эмас, балки айнан погромлар ҳақида бормоқда".

Мақола муаллифларига кўра, улар "фақат сиёсий ҳокимиятдагилар ва маҳаллий ҳарбийларнинг кўмагида содир бўлиши мумкин".

"Аввал-бошданоқ улар погромларда иштирок этганликларини гувоҳлар олган видеотасвирлардан ҳам билиш мумкин: гўёки "адашган" танклар миллатчи қасос олиш ёки талончилик мақсадида қўшни қишлоқдан келган ҳужумчиларга йўл очиб бермоқда. Зўравонликлар олдиндан режаланган, этник омил уларнинг мутлақо кутилмаган бир шаклда ёйилиши учун бир сабаб бўлди, холос. Ўзаро муаммоларга қарамай, икки жамоа бу минтақада ҳамма вақт бирга яшаб келишган ", - деб ёзади Le Monde.

Нуфузли француз нашрининг қайд этишича, гарчи тартибсизликлар ташаббуси ағдарилган президент Бакиев тарафдорларидан чиққан бўлса ҳам, марказий ҳукуматнинг кучсизлигидан фойдаланганлар маҳаллий миқёсда эстафетани дарҳол қўлга олишган.

Роза Ўтинбоеванинг вақтли ҳукумати Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларнинг ўлдирилишини ҳам тўхтата олгани йўқ, тартиб ҳам ўрната олмади.

"Бутун бу инқироз давомида Роза Ўтинбоева эҳтиёткор мавқеъни эгаллади. 19 июн куни биринчи марта Ўшга ташриф буюраркан, Ўтинбоева ўзбек маҳаллалаларига киришдан қочди ва бирон марта ҳам ўзбекларнинг изтиробларини тилга олгани йўқ. Қирғиз миллатчи зеҳнияти гаровида қолган Ўтинбоеванинг миллатлараро бирдамликка чақириши қийин", - дея таъкидлайди Le Monde.

Мақола муаллифларига кўра, Бишкекдаги тарғиботчи оммавий ахборот воситалари совет давридаги энг илғор анъаналар билан маълумотларни сохталаштириш билан банд.

"Ёқиб юборилган ўзбек уйлари қирғизларники қилиб кўрсатилади ва ҳеч ким раддия бермайди. Қирғиз махсус хизматлари исломий гуруҳлар ўзбек жамоаси раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширган қотилликлар сценарийсини ишлаб чиқишган. Бу бўрттирилган сценарий, аммо у ўз изини қолдириши мумкин".

Le Mondeнинг ёзишича, Ўш ҳокимияти ушбу "ислом-ўзбек" назариясини тасдиқлаш учун ноқонуний ҳибсга олишлар, қўрқитиш ва хатто ўзбекларни кетишга мажбурлаш учун қийноқларни авж олдирган.

"Бундан ташқари, демократияга ўтишнинг намунавий мисоли қилиб кўрсатиладиган ва шунинг учун мўмай халқаро ёрдам олиб келаётган бу мамлакатда Қирғизистон- фақат "этник қирғизларнинг ватани" деган кўнгилни айнитувчи ва тарихга зид ғоя тобора кенг ёйилмоқда",- дея таъкидлайди Le Monde.

Нашрга кўра, бу жиноятларнинг қасддан содир этилганига оид далиллар тобора кўпайиб бораётганига қарамай, минтақавий давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билиб туриб, сукут сақламоқда.

"На Россия ва на АҚШ-Бишкек яқинида авиабазаларни ижарага олган фахрий меҳмонлар, Қирғизистон ҳукуматидан қотилликларни тўхтатишни талаб қилганлари йўқ. Аралашмаслик тамойили ортига яширинган Россия эса, Ўтинбоеванинг воситачи кучларни киритиш ҳақидаги илтимосларини эшитмасликка олди".

Мақола сўнггида муаллифлар Оврўпо Иттифоқи кўпроқ қон тўкилишининг олдини олиш учун ўзининг Марказий Осиё сиёсати борасида бир тўхтамга келиши кераклиги ва таҳдид остида қолган демократия жараёнини ҳимоя қилиши лозимлигини таъкидлашган.