Лаъли Бадахшон ёки Помир ёқути кимнинг бойлиги?

Помир фақат Тожикистонда эмас, балки бутун жаҳонда ўзига хос минтақалардан бири ҳисобланади. Жаҳон томи ҳам деб аталадиган бу маконда етти ярим минг метрга яқин баланд чўққилардан тортиб, Марказий Осиёдаги энг катта Федченко музлиги-ю, Сарездан тортиб, Қоракўлгача ўнлаб кўллар жойлашган.

Тожикистон ҳудудининг деярли 45 фоизини ташкил этадиган Помир-Тоғли Бадахшонда 200 мингдан бироз кўпроқ аҳоли яшайди.

Аҳолининг бир қисми қимматбаҳо тошлар қидириб топиш ва йўниш билан шуғулланиб келади. Бадахшон лаъл-ёқутлари, ложуварди, ҳақиқини айниқса хорижликлар севиб харид қилишади.

Лекин кейинги йилларда Помирда қимматбаҳор тошлардан маҳсулотлар тайёрлаш кескин камайиб кетган.

Ҳамённи бўшатишга арзийдиган тошлар

Биз бир пайтлар Бадахшондан ташқарида ҳам машҳур бўлган "Лаъл" қимматбаҳо тошлар фабрикасида бўлганимизда, мазкур ишлоқ бош муҳандиси Маманазир Хушқадамов тайёр маҳсулотларни кўрсатар экан, кўзларида фахрланиш баралла зуҳур этди.

Маржон каби турли тақинчоқлар, ёдгорликлар балки бу тошлар хосиятини тушунмаган кишиларни қизиқтирмаслиги мумкин. Лекин Бадахшон тошларининг шифобахш хислатларга оид маълумотларга эга бўлган киши уларни сотиб олиш учун ҳамёнини бўшатишга тайёр бўлади.

"Лаъл" қимматбаҳо тошлар фабрикаси Тоғли Бадахшон маркази Хоруғ шаҳридан 15 чақиримча наридаги Поршнев қишлоғида жойлашган. Қирқ ёшдаги Мадали Наврўзов бу фабрикада тош кесувчи бўлиб ишлайди.

У махсус мосламада тош кесар экан, нимадандир кўнгли тўлмайди, шекилли, тош бўлакларига синчиклаб назар солади.

Орадан икки-уч дақиқа ўтгач, мослама яна гуриллаб тош қирқа бошлайди…

Мадалининг айтишича, шу кесилаётган тошлардан тайёрланган тақинчоқларни кўрганда завқи ошиб-тошади:

"Мен шу касбни танлаганман. Маош оз, лекин ишимдан кўнгил уза олмайман. Вақти келиб ҳамма нарса яхшиланиб кетишига умид қиламан", дейди у.

Мадалининг ойлик маоши 220 сомоний. Буни АҚШ долларига чақадиган бўлсак, 50 долларча бор. Тоғли Бадахшонда озиқ-овқат ва мева-сабзавотнинг Тожикистоннинг бошқа минтақаларига қараганда бир ярим-икки баравар қиммат эканлиги ҳисобга олинганда, Мадали жуда кўп ҳамкасблари қатори аллақачон тирикчиликнинг бошқа йўлини қидириши лозим эди.

"Олаётган маошим етса, икки ҳафтага етади. Лекин боғимиз, озгина еримиз бор. Рўзғорга у-бу чиқиб туради. Уч фарзандим бор. Катта ўғлим бу йил мактабни тугатди. Каттароқ ўқишда ўқимоқчи эди, қўлимиз калталик қилди. Хотиним Россиядан кўпроқ пул юборса, иложи топилар. У Москвада фаррошлик қилади. Хотиним менга қараганда анча кўп пул топади", дейди бироз қимтиниб Мадали.

Бошқа бир цехда ишчи аёл майдаланган тошларни йўнмоқда. У тайёрлаётган ҳақиқ маржонларнинг аслида баҳоси йўқ..

Лекин фабрика бош муҳандиси Маманазир Хушқадамовнинг айтишича, савдо унча яхши эмас.

"Ҳозир маҳсулотларимизни Хоруғ ва Душанбеда сотяпмиз. Баъзи кунлар савдо бўлмайди. Айрим ойлари минг, бир минг икки юз сомонийга савдо қиламиз, лекин юз сомоний, икки юз сомонийга зўрға маҳсулот сотилган ойлар ҳам кўп", дейди Маманазир Хушқадамов.

Агар бош муҳандис айтганидек ўртача маош 220 сомоний эканлигини ҳисобга олиб, уни 13 нафар ишчига тақсимласак, айрим ойларда ишчиларнинг деярли маошсиз қолишлари мумкинлигини сезиш қийин эмас.

150 ва 13

Маманазир Хушқадамов фабриканинг гуллаб-яшнаган пайтларини эслайди:

"Фабрика 1975 йилда иш бошлаганди. Уч навбат тўхтовсиз иш юритардик. Ўшанда 150 киши ишларди. Ҳозир 13 киши ишлайди. Фабрика хусусийлаштирилган. Бадахшон қимматбаҳо тошлар макони. Ложувард, ҳақиқ, ёқут… Қайси бирини айтайин?"

Бош муҳандис юзага келган қийинчиликлар сабабини тош қазиладиган конлар ва тайёр маҳсулот чиқариш соҳаларининг ажралиб кетганида кўради:

"Илгари фабрика ва конлар биргаликда ишлашган бўлса, энди ҳар ким ўз бошига. Биз конларга бориб, хомашёни сотиб олиб, кейин ишлов берамиз. Илгари ҳар ҳафта юк жўнатишарди. Конлар Шоҳдара ва Ишкошимда. Энг яқини Хоруғдан 45 километр нарида.. Конлар хомашёни нақд пулга сотишади. Кўпинча банкдан қарз олиб иш кўрамиз".

Бош муҳандис қарз ҳақида сўзлар экан, мен фабриканинг деразаларигача кўчириб олинган биноларидан биридан кўз уза олмай қоламан.

Ишкошимда қимматбаҳо тошлар қидириб топиб тирикчилик қиладиган кишилар оз эмас. Эллик ёшни қоралаб қолган Гулназар улардан бири.

"Биз жуда кўп тошлар топдик, геологлар бу зумрад дейишади, бошқа дейишади, лекин биз бу тошларни яхши билмаймиз. Илгари ўзимиздан кадр йўқ эди. СССР пайтида тош қидириш билан руслар шуғулланишарди. Етмиш йил орасида биз томонлардан геолог чиқмаган. Энди мустақиллик пайтида қанча бойлигимиз борлиги маълум бўлди. Лекин биз қимматбаҳо тошларни қандай фарқлашни ҳам билмаймиз", дейди Гулназар.

Тош қидириб, уни сотиш жараёнида кўп қийинчиликка учраган Гулназар бир фикрга келган:

"Биз бу ишни ўзимиз қилмасдан, балки давлат ихтиёрига олинса, кўп яхши бўларди. Ишкошимда на биронта фабрика, ё на биронта завод йўқ. Биз фақатгина шу қимматбаҳо тошларни топиб, ишлов бериш билан кун кечиришимиз мумкин. Лекин ўз бошимизга ишлаш қийин".

Яхши ният – ярим мол

Лекин айни бир пайтда халқаро Рупони жамғармаси кўмагида Хоруғда бундан бир йил олдин очилган марказда тош йўнувчи, тошга жило бериб, маҳсулот ясовчи мутахассислар тайёрлашга киришилган.

Худойдод Музаффаров Рупони жамғармаси қошида очилган марказда ишлайди:

"Бадахшонда қимматбаҳо тошлардан маҳсулот тайёрлайдиган учта ишлоқ бор. Поршнев қишлоғида "Лаъл", Хоруғ шаҳри ва Роштқалъа туманида Жамаст бирлашмасига қарашли иккита ишлоқ бор. Марказимизда ҳунар ўрганган ёшлар истасалар у ерларда ишлашар, балки уйларида ишлашни афзал кўришлари мумкин. Уч навбатда 90 нафарга яқин киши ҳунар ўрганди. Улар халқаро сертификат олишди. Ҳозирда шогирдларимиздан 5-6 нафари тош йўниш фабрикаларида ишлашмоқда".

Хоруғ кўчаларида Помирнинг қимматбаҳо тошларидан ясалган маржонлар, турли тақинчоқлар, ёдгорликларни қаерда сотилишини сўраб юрган чет элликларни, Тожикистоннинг бошқа минтақаларидан келган кишиларни учратдик.

Давлат иқтисодий кўмаги билан яшайдиган Бадахшонда қимматбаҳо тошлардан маҳсулот ясаб сотиш кенг йўлга қўйилса, вилоятдаги вазият ўзгариши мумкин, дея ҳисоблайди Худойдод Музаффаров:

"Бизда фақат рубин, яъни ёқутнинг 114 та кўриниши бор, тоғда ложувард ва бошқа қимматбаҳо тошлар кўп. Лекин уларни қазиб, ишлов бериш ривожланмаган".

Худойдод Музаффаров бунинг сабабларидан бирини мамлакатдаги мавжуд қонунларда кўради:

"Бизда қонунлар мослаштирилмаган, халқаро қонунларга мутобиқлаштирилмаган. Масалан, ёқутга ишлов беришни истасангиз, саноқсиз ижозатномалар талаб қилишади. Вазирликка югур, у ёққа чоп, бу ёққа чоп. Э, бор дейсиз-да, қўлингизни силтайсиз".

Хоруғлик таҳлилчи Алим Шерзамонов фикрича, ҳозирда қимматбаҳо тошлардан кенг тарзда маҳсулотлар тайёрланмаётгани яхшироқдир.

"Тожикистондаги солиқларни тўлашдан қочиш, мавжуд коррупция боис ўн беш йилдан буён фойдаланиб келинган бир кон инсофсизларча талон-торож этилди. Портлатиш, тракторлар ишлатиш туфайли мавжуд қимматбаҳо тошларнинг ўн фоизи олинган бўлса, қолгани нобуд бўлди. Аҳоли меҳр-муҳаббат билан ишлайдиган пайт келгандан сўнг бу конлардан фойдаланса яхши бўлади, деб ўйлайман".

Алим Шерзамонов бу гапларни айтар экан, бир фикрни ўртага ташлайди:

"Агар Тожикистон, тожикистонликлар нафи кўзланадиган бўлса, ҳукумат Америкада XVIII асрда бўлгани каби ким нимани топса, у ўша топганники деган ижозат бериши керак. Бу оила бюджетининг бойишига сабаб бўлади. Ва агар мамлакатда аҳоли бой бўлса, албатта давлат ҳам бой бўлади".