'Адолат қаерда: Қирғизистондаги миллий низолар ва ундан кейин...'

"Хьюман Райтс Вотч" ташкилотига кўра, июн ойидаги зўравонликлар чоғида хавфсизлик кучлари билиб, билмай туриб, ўзбек маҳаллаларига қарши уюштирилган ҳужумларга воситачилик қилган бўлишлари мумкин.

Бу ҳақда халқаро ташкилот бугун эълон қилган янги ҳисоботда айтилади.

Ҳисоботда яна таъкидланишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қонли низолар чоғида ўзбекларни етарлича ҳимоя қилишмаган.

Халқаро ташкилотга кўра, қирғиз расмийлари ҳукумат кучларининг зўравонликлардаги ролини текшириб, жавобгарларни маҳкамага тортиши лозим.

"Қирғиз ҳукуматининг юзлаб кишиларнинг ўлими, минглабларининг тан жароҳати олиши билан якунланган этник низолар юзасидан олиб бораётган тергов жараёнига эса, янги зўравонликлар доғ бўлиб тушган. Чунки Қирғизистон жанубида этник заминдаги янги ҳужумлар ҳамон тинмаган," дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Янги ҳисобот 200 дан ортиқ жабрдийдалар, шоҳидлар, ҳимоячилар, инсон ҳақлари фаоллари, ҳукумат мулозимлари ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан суҳбатларга асосланган.

Ҳисоботни тайёрлаш жараёнида сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар, турли видео лавҳалар, ҳужжатлар ва ашёвий далиллардан фойдаланилган.

Тафсилот

Халқаро ташкилотга кўра, этник низоларда вайрон бўлган маҳалла фуқароларидан бир эмас, бир нечтаси бронетранспортёрларда бўлган махсус ҳарбий либосдаги кишилар ўзлари ясаган қўлбола баррикадаларни суриб ташлаб, олмонга йўл очиб берганликларини айтиб беришган.

Шоҳидларга кўра, бронетранспортёрлар ортидан маҳаллаларга кириб келган қуролли шахслар қолган-қутган одамларга қарата ўт очиб, уларни қувиб солиб, оломонга уйларини талаб, ўт қўйишларига қўйиб беришган.

"Масъуллар қирғизлардан иборат оломоннинг қурол-яроғ ва бронетранспортёрларни ўғирлаб олганликларини даъво қилишгани билан, бу - этник низолар чоғида ҳарбий уловлар ишлатилганини буткул назардан соқит эта олмайди," дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Халқаро ташкилот тўплаган маълумотларга кўра, камида битта маҳаллада бронетранспортёрлар ҳукумат кучларининг назорати остида бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, "Масъуллар хавфсизлик билан боғлиқ сабаблар туфайли ўзбек маҳаллаларига кириб боришга қонунан ҳақли бўлишса ҳам, оломоннинг очиқ-ойдин таҳдиди остида бўлган кишиларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифасини бажаришмаган".

"Ҳукумат кучларининг нима иш қилганликлари ва масъуллар аҳолини ҳимоя қилиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишганми-йўқлигини аниқлаш учун маҳаллий ва халқаро миқёсда тергов олиб борилиши керак," дейди халқаро ташкилот вакили Оле Солванг.

Тозалаш амалиётлари

Ҳисоботда, шунингдек, ўзбек маҳаллаларида олиб борилган кенг кўламли "тозалаш амалиётлари" ҳақида ҳам сўз боради.

Халқаро ташкилотга кўра, шундай амалиётлар чоғида ҳуқуқ-тартибот ходимлари фуқароларни калтаклашган, таҳқирлашган ва уйларини талашган.

"Наримон қишлоғидаги "тозалаш амалиёти" чоғида 39 киши яраланган, улардан икки нафари кейинроқ жон таслим қилган," дейди халқаро ташкилот.

Зўравон текширувлар

"Хьюман Райтс Вотч"га кўра, Ўш шаҳрининг асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи маҳалларида хавфсизлик кучлари томонидан кундалик текширув ва ҳибсга олиш амалиётлари олиб борилган.

"Ўнлаб гувоҳларнинг айтишларича, хавфсизлик кучлари уйларига бирор-бир ҳужжатсиз ва сўроқ-истоқсиз бостириб кириб, ордерсиз кишиларни ҳибсга олишган. Оилаларига маҳбусларни қаерга олиб кетаётганликларини айтишмаган. Айрим ҳолларда эса, маҳбусларни калтаклаб, ашёвий далилларни ўзлари ташлаб қўйишган," дейди халқаро ташкилот.

Масъуллар эса, маҳбусларнинг ҳимоячи олиш ва яна бошқа кўплаб ҳуқуқларини изчил равишда бузиб келишган. Ҳибсхонада номақбул муносабатда бўлишган ва уларни қийноққа тутишган. "Хьюман Райтс Вотч"нинг айтишича, олтмишдан ортиқ бу каби ҳолларни қайд этишган. Маҳбуслардан камида биттаси ҳибсхонада олган жароҳатлари туфайли жон таслим қилган.

"Қирғиз масъуллари маҳбусларнинг миллатларини расман очиқламаган ва уларнинг орасида ҳар икки миллат вакиллари борлигини даъво этишса ҳам, қўлимиздаги маълумотлар улар аксариятининг ўзбеклар эканига далолат қилади," дейди халқаро ташкилот.

"Хьюман Ратс Вотч"га кўра, ўз тадқиқотлари жараёнида ноқонуний ҳибслар ва ҳибсхоналардаги қийноқлар борасида қирғиз президенти, ички ишлар вазири ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳлантиришган.

Қирғиз ҳукуматининг бир қатор юқори мартабали вакиллари маҳаллий мулозимларни зўравонликларни бас қилишга чақириб чиқишган, президент Ўтинбоева бу каби ҳолларнинг борлигини расман тан олган бўлса ҳам, ўшлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари буни рад этиб, зўравонликларини давом эттиришмоқда," дейди ташкилот.

Жаноб Солванга кўра, "Июн ойидаги низолар чоғида қирғизлар ва ўзбекларга қарши жиддий жиноятларга қўл урганлар миллати ва мавқеидан қатъиназар, жавобгарликка тортилиши шарт".

"Бироқ маҳаллий масъуллар Қирғизистон ва халқаро қонунларни ҳурмат қилмагунларича, рисоладагидек текширув ишларини олиб бориб бўлмайди. Ва қирғизистонлик масъуллар ҳам зудлик билан ҳибсхоналардаги зўравонлик ҳолларига чек қўйишлари лозим," дейди жаноб Солванг.

"Хьюман Райтс Вотч"га кўра, давомий зўравонликлар Қирғизистон жанубидаги шундоқ ҳам танг вазиятни янада оловлантиради.